Powered by Joomla CMS.

Бухоро аёллари диний маросимида “мавлудхонлик”

on Yakshanba, 22 Dekabr 2013. Posted in Gumanitar ta`lim

“...Ҳабиби ҳазрати Илоҳ Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдур. Юз йигирма тўрт минг анбиёи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча анга хайл ўн секкиз минг олам ихтироъидин мақсуд- ул ва офариниш анга туфайл. Нубувват тахтида ҳумоюн фарқи  узра тож, анбиёву расул хайлида соҳиби меърож, аввалину охирин халқи анинг шафоатиға муҳтож...”

(Алишер Навоий)

Дарҳақиқат, барча мавжудот ва махлуқотнинг афзали, икки дунёнинг хожаси , Аллоҳнинг энг суюкли ҳабиби-пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(с.а.с) пайғамбарлик даврларида халқни жаҳолат ва қоронғилик зулматидан саодатли йўлга бошладилар. Инсониятни ҳақ дин, ҳидоят сари даъват этиш учун бор куч-ғайрат ва иродаларини сарфладилар. Аллоҳнинг марҳамати билан ул зоти бобаракот ислом динини омма ўртасида ёйиб умматларига Қуръони карим ва ҳадиси шарифни йўлчи-юлдуз қилиб қолдирдилар. Ана шундай зотнинг муборак туғилган кунларини нишонламоқ, яъни мавлудхонлик ул зоти бобаракотга яқин бўлмоқликнинг улуғ сабабларидан биридир . Набий (с.а.с) марҳамат қилиб айтадилар :”Кимки туғилган кунимни улуғласа, қиёмат куни шафоатимга оламан. Ва менинг мавлудим учун бир танга сарф қилса, гўёки бир тилла тоғни Аллоҳ таъолонинг йўлида сарф қилган каби бўлади”.

Имоми Сариййис Сақатий айтибдилар:” Кимки мавлудун набий (с.а.с) ўқилаётган жойни қасд қилиб борса, унга ҳақиқатдан жаннатдан бир тоғ ато қилинади. Чунки у фақат набий (с.а.с) га муҳаббати борлиги учунгина қасд қилиб борди”.  Набий (с.а.с) дебдилар:” Ким менга муҳаббат қилиб дўст тутса, жаннатда мен билан бирга бўлади.”

Шу ўринда пайғамбаримиз (с.а.с) нинг муборак туғилган кунларини нишонлаш тарихи ҳақида икки оғиз сўз. Бунинг тарихини Ал-Азҳар университети фатво бўлимининг собиқ бошлиғи шайх Атиййаҳ Сакра муътабар манбаларга таянган ҳолда қуйидагича изоҳлаган: “ Пайғамбаримиз (с.а.с)нинг туғилган кунларини биринчи бўлиб Фотимийлар нишонлаган. Улар нафақат пайғамбаримиз (с.а.с)нинг , балки у зотнинг бошқа оила аъзолари ва  ҳатто Исо(а.с)нинг туғилган кунларини ҳам нишонлашган. Бу кунларда ширинликлар тарқатишни одат қилишган. Бироқ ҳижрий 488 йилда аҳли суннадан бўлган, бош қўмондон Бадр ал-Жамолийнинг ўғли ал-Афдал Шаҳиндаҳнинг буйруғи билан бу маросим бекор қилинган.

Ҳижрий 517 йилда ҳукумат бошига ал-Маъмун ал-Баттаҳий келиб, Рабиъул аввал ойининг 12-сида хайр-эҳсон тарқатиш ҳақида расмий буйруқ берган.

Ҳукумат теппасига Айюбийлар келгач, Фотимийлар қолдирган урф-одатларга бутунлай барҳам берилган. Бироқ халқ ўз хонадонларида бу маросимни нишонлашни канда қилишмаган. Сўнгра, ҳижрий VII аср (мил.XIII аср)да Ирбилда шоҳ Музаффариддин фармойиши билан яна мавлудхонлик нишонлаш кенг тус олган. Шоҳ Музаффар Рабиъул аввал ойининг 8-си(гоҳида 12-си) да нишонланадиган бу маросимда  катта кўча бошида, қувноқ ўйин-кулги бўладиган жойда туя, мол, қўй-эчкиларни сўйишни ҳамда уларни камбағалларга ош-овқат қилиб тарқатишни буюрган.

Бироқ бундай ишларни ўша замон уламолари асоссиз деб баҳо беришган.”

Шайхнинг фикрича пайғамбаримиз (с.а.с)нинг туғилишларини нишонлаш замирида ўсиб келаётган авлодга Ислом дини, Қуръон ҳамда уни дунёга тарқатишда йўлчи-юлдуз бўлган пайғамбаримиз (с.а.с)нинг шахсиятлари тарихи ҳақида маълумот беришлик ётишини таъкидлайди. Бундай маросимларни ихчам, ҳаддан оширмай, исломда йўқ нарсаларни киритмай ўтказишлик лозимлигини уқтиради. Шу билан бирга пайғамбаримиз (с.а.с)нинг туғилган кунларига аниқлик киритади. Унинг айтишича , пайғамбаримиз (с.а.с) Рабиъул аввал ойининг 9-си душанба куни таваллуд топганлар. Яъни (20-22 апрель 571 мелодий йил)да, ўшанда ҳабаш- Абраҳанинг Каъбага ҳужуми куни бўлган.  У дунёга рихлатларини эса ,ҳижрий 11 йил  12 Рабиъул аввал (8июнь 632 мил.йил) деб кўрсатади.

Қадимдан диёримиз мусулмонлари орасида “Мавлудун Набий” маросимини ўтказиш анъана тусини олган ва бу ҳозирга қадар давом этиб келмоқда.

Бун маросим азалдан Бухоро воҳасида истиқомат қилгувчи муъмин- мусулмонлар қалби тўридан жой олиб келган. Расуллуллоҳ (с.а.с) нинг таваллуд топган Рабиъул аввал ойида имомлар, олимлар масжидларда, кўплаб хонадонларда жанобга алоҳида бағишланган мавлуд китобларидан сийратлари , ахлоқлар ва хушхулқларидан кўпчилик мусулмонлар ҳузурида шавқу завқ ила ўқиб ширин суҳбатлар ўтказадилар. Диёримиз мусулмонлари орасида имоми Жаъфар Барзанжий (р.а) нинг “Мавлуд” китобларини ўқиш одат тусига кирган. Кўпчилик мулла ва қорилар ҳатто уни ёд олишган. Бунинг асосий сабаби авваламбор Расулуллоҳга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат бўлса, иккинчидан у зотнинг шафоатларига эришмоқ ниятидир.

Бундай маросим нафақат эркаклар даврасида, балки аёллар орасида ҳам ўтказиш кенг тус олган. Зеро пайғамбаримиз (с.а.с) шафоатларидан муслима аёллар ҳам умидвордирлар. Пайғамбаримиз (с.а.с): ”Сизлардан бирорталарингизнинг иймони комил бўлмайди, тоинки мен унга ота-онасидан, фарзандларидан ва ҳамма инсонлардан маҳбуброқ бўлмасам», деб марҳамат қиладилар.

Бухоро воҳаси аёлларининг ушбу маросимга бағишланган йиғини ўзгача бир тарзда ўтади. Бундай маросимни ўтказишни мақсад қилиб қўйган хонадон соҳиби пайғамбаримиз (с.а.с) туғилган Рабиъул аввал ойининг бир кунини мўлжаллаб[1], маросимни ўтказишга бош бўладиган отин[2], қариндош-уруғ, қўни - қўшни, бева-мискинларни уйга таклиф этади.[3] Йиғилганлар ҳурмати учун, қолаверса хайр-эҳсон тариқасида баҳоли қудрат дастурхон безайди. 30-40 аёл йиғилгач, отин “Мавлуд”ни бошлашдан олдин хатми сағир, яъни Қуръондан баъзи сураларни тиловат қилади. Унинг савобини анбиёлар, авлиёлар ҳамда ўтганлар руҳига бағишлаб, Аллоҳдан юрт тинчлиги , хотиржамлиги, ҳамда йиғин иштирокчилари-ю, хонадон соҳибининг бу файзли  маросими учун унинг ҳаққига  дуойи хайрлар тилайди. Бу ҳам савобли амаллардандир. “Мавлудни” ўқиш асносида пайғамбаримиз (с.а.с) га саловат ва дурудлар битилган дуолар бирин-кетин ўқилади. Пайғамбарнинг исмлари ёки сифатлари зикри ўтганда барча эшитувчилар ўринларидан туриб салавот айтиб турадилар. Сўнгра ўтириб, отин пайғамбаримиз (с.а.с) нинг туғилишлари тарихини сўзлаб беради. Бу “тарих” илгари эшитган аёллар учун ҳамда йиғинга илк бор иштирок этаётганлар учун ҳам завқли ҳам ибратлидир.

Саййиди авлоди одам ҳотами пайғамбарон,

Подшоҳи барчаи халқи худо, хуш келдингиз.

Хилватидек русиёҳларни шафоат қилғали,

Рузи маҳшар даштида ё саййидо, хуш келдингиз.

Эйки, истарсиз ҳамма ғамдин нажот,

Айтингиз  пайғамбаримга ассалот.

Ассалоту вассаламу алайка ё Расулуллоҳ,

Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ.

Ассалоту вассалому алайка ё хайро халқиллоҳ.

Шундан сўнг, отин ул зотнинг хулқ-атворлари, қилган амаллари хусусида сўзлаб беради. Яъни он ҳазратнинг (с.а.с) шарму ҳаёда ва хуштавозуликда ҳаммадан зиёдароқ эканликларини , либослари ёки кафш-музаларининг йиртиқ жойларини ўзлари ямашлари, баъзан қўйларини ҳам ўзлари соғишларини, камбағалларни кўпроқ дўст тутишларини, аксар улар билан ўтириб ҳамсуҳбат бўлишлари, улардан бирортаси бемор бўлса, аввал унинг зиёратига отланишлари, ёки вафот этса жанозасига шошилишлари, маййит орқасидан қабристонгача боришларини ибрат сифат сўзлайди ва яна жаноби ҳазрат(с.а.с)нинг ҳалимликлари, баъзи беадаб ва густоҳлар рост ва ёлғондан узр баён қилсалар қабул қилишлари, доим қалблари раҳм-шафқат билан лиммо-лимлигию, бева хотинларнинг оғирини енгил қиладиган –сув ташиш, ўт ёқиш, ўтин ёриш каби амалларни бажаришлари ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Бу эса маросим иштирокчилари учун ҳам ҳайрат, ҳам ибратдир. Ҳақиқатда Расулуллоҳ феъл-атворда, чиройли хулқда, одоб ва муомала- муносабатда мумтоз, эзгуликда бениҳоя соҳиби имтиёз бўлганлар. Бу ҳақда Қуръони карим оятлари ҳам тасдиқлайди: “ ..Ва иннака лаъала хулуқин ъазимин”,  яъни “Сиз албатта олижаноб хулқ соҳибисиз”.(Қалам сураси, 4-оят).

Сўнг отин билан бирга аёллар туриб, ёқимли мусиқийлик билан “Марҳабо”ларни ўқишади. Бунда форсий ва туркий тилда беш банддан иборат, ҳар бир банд охирида такрорланиб турадиган мисрали ғазал ўқилади:

Марҳабо эй, сарвари ҳар ду жаҳон,

Саййиди олам Расули инсу жон,

Марҳабо , эй подшоҳи коинот ,

Муснад арои замину осмон.

Марҳабо,  ё марҳабо ё марҳабо

Марҳабо ё нури аъло марҳабо

Марҳабо ё марҳабо ё марҳабо

Марҳабо ё жаддал Ҳусайни марҳабо

“Марҳабо”лар айтилаётган пайтда маросим учун махсус тайёрланган “гулоб” сепилади. Гулоб сепишни даврада ўтирган аёллардан бири ўз зиммасига олиб, ҳар бир аёлга қарата сепади, аёл эса сачраган бу хушбўй суюқликни уст-бошига яхшироқ суртади. Бунинг рамзий маъноси бор. Пайғамбаримиз (с.а.с) нинг муборак баданларидан чиққан терлар дурдона каби тиниқ, мусаффо бўлганки, унинг хушбўйи дунёнинг жамиъ тирик анбарларидан хушбўйроқ бўлган. Биров билан қўл бериб кўришсалар, у одамдан бошқа кунларда ҳам пайғамбаримиз (с.а.с)нинг ҳидлари келиб турган, ё бўлмаса бирор уйга кириб чиқсалар, бу уйдан у зотнинг ёқимли ҳидлари  анқиб турган. Шунинг учун ҳам маросим иштирокчилари бу амал  навбатини сабрсизлик билан кутишадики, худди ўзларини пайғамбаримиз (с.а.с) нинг ҳидларидан баҳраманд бўлгандек ҳис этишади.

Шунингдек, хонадон соҳибининг дастурхон безаши бежиз эмас. Хайр-эҳсон қилиб туришлик бандани гуноҳларидан сақловчи восита эканлиги пайғамбаримиз (с.а.с) жуда кўплаб ҳадисларидан ўрин олган. Жумладан, “Бева хотинларга ёки мискин бечораларга ёрдам берувчи киши гўё тангри йўлида жиҳод қилувчи, ёки кечалари ибодат қилувчи, кундузлари рўза тутувчилар билан баробардир”, “ Тангри йўлида бир- бирлари билан дўстлашувчи, бир-бирларига хайру-саховат қилувчи ва бир-бирларини зиёрат қилувчи кишиларга тангрининг марҳамати ҳақдир,” “ Савобли иш қилганингизда хурсанд бўлсангиз, гуноҳ иш қилганингизда хафа бўсангиз, демак сиз ҳақиқий муъминдирсиз”,” Кимки, бировга пул қарз берса, ёки эҳсон қилса, ёки адашган одамни йўлга солиб қўйса савобга эга бўлур” каби.

Шундай экан соҳиби хонадоннинг бу саъй-ҳаракатларининг барчаси фақат ва фақат савоб сари элтувчи бир воситадир.

Юқорида зикр этилган амаллардан сўнг дуойи хайрлар қилиб, охирида яна Қуръон тиловат қилинади ва маросим поёнига етади. Юксак инсоний фазилатларни ўзида мужассамлаштирган пайғамбаримиз(с.а.с)нинг мавлудлари Бухоро воҳаси аёллари маросимида ана шу тарзда, чиройли бир суратда нишонланади. Маросим иштирокчилари бўлмиш аёллар бундай маросимдан беқиёс ҳузур –ҳаловат, улкан руҳий-маънавий озиқ олиб, хонадон соҳибаси ҳаққига дуойи хайрлар қилиб тарқаладилар.

Зеро Аллоҳ ҳабибининг дунёга келишларию, пайғамбарликлари, юриш-туришлари, айтган сўзларининг барчаси биз учун ибрат манбаидир.

 

 


[1] Мазкур маросимни ўтказиш нафақат 8 ёки 12-Рабиъул аввалда, балки ўша ойнинг исталган кунида шнишонлаш урф бўлган.

[2] Отин-Бухорода уларни «оямулло” деб аташади.

[3] Ўтмишда бу маросимни 63 ёшда, яни пайғамбар ёшларига кириб ўтказишлик урф бўлган бўлса, эндиликда барча ёшдаги аёллар савоб олиш ниятида ўз хонадонларида нишонлашадиган бўлишган.

 

Муаллифлар: Қурбонова Манзила Боқиевна, этнолог.

Остонова Гулнора Аминовна , шарқшунос.

Izohlar (0)

Leave a comment

You are commenting as guest.