Powered by Joomla CMS.

Она тилимизга эҳтиром

on Chorshanba, 14 May 2014. Posted in Badiiy adabiyot

Бугунги кунда ёшларимиз юртимизнинг кўча ва хиёбонлари, метро ва автобус бекатлар, катта-катта майдонлар, биноларни безаб турган ўзбекча номлар шиор ва лавҳаларни кўриб, буларнинг барчасини одатий бир ҳол сифатида қабул қилади. Ваҳоланки, яқин тарихимизда бу манзара бутунлай бошқача кўринишга эга эди. Биргина Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг номларини ўқиб, беихтиёр қайси мамлакатда юрганингизни билмай қолар эдингиз.

Каримов И.А. Юксак маънавият−енгилмас

куч. −Тошкент: Маънавият, 2008. 93-бет.

Миллатнинг ўзлигини, дунёда борлигини, ўзига хослигини белгиловчи омиллардан асосийси унинг она тилидир. Улуғларнинг «Тилга ихтиёрсиз−элга эътиборсиз» (А.Навоий), «Халқ тили ҳамиша миллий руҳ билан чамбарчас боғланган» (В.Гумбольдт), «Она тилини ҳимоя қилиш−ватанни ҳимоя қилиш» (Д.Белле), «Тилимизнинг софлиги учун, бойиши учун жон куйдирсак, фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз» (Ч.Айтматов), «Тилга ихтиёр−элга меҳр» (П.Қодиров) каби ҳикматларида акс-садо бериб турган, тилнинг инсон зотига яратмиш томонидан тортиқ этилган бебаҳо неъматлигини, уни асраб авайлаш миллатнинг яшовчанлигини таъминловчи асос эканлигини таъкидловчи бу мантиқ асрлар давомида исбот талаб қилмайдиган олтин қоидага айланганлиги бежизга эмас.

Тарих саҳифаларига назар ташлар эканмиз илдизлари дунёни лол қолдирган қадим маданиятдан сув ичган она тилимизга бўлган садоқат, алоҳида эътибор халқ жонкуярларининг ҳамиша диққат марказларида бўлганлигига ва шундай бўлиб қолажагига амин бўламиз.

XII аср… Ўрта Осиёда араблар ҳукмронлиги давом этаётган бу даврда туркий тилимизга расмий эътиборнинг сусайиши табиий эди. Бироқ тилпарвар фидойилар ўша шароитда ҳам ўз ватанпарварликларини, халқпарварликларини намоён эта олдилар: буюк мутафаккир Маҳмуд Қошғарий «Девони луғатит турк» асарини яратиб тил яловбардори сифатида майдонга тушди. Бу ҳолат XV асрда яна такрорланди. Туркий тил яловини ҳазрат мир Алишер Навоий шу қадар юксакликка қададики, қарийб олти аср беридан ҳам «Хамса», «Муҳокаматул луғатайн»лар маёқдек порлаб турибди.

Мустабид тузум даврида ҳам онадек мўътабар тилимизга бўлган эътибор бир қадар сусайганлиги сезилди. Тилнинг миллат руҳи, тафаккур воқелиги эканлигини чуқур англаган зиёлилар, фан арбобларию мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди.

Бугун дилимиздаги тилимизга чиқади: жарангларингдан ўргилай, Мустақиллик! Сен туфайли ўзимизга, ўзлигимизга қайтиш, миллий қадриятларимизни қадрлаш, минбарларда ҳам ўз тилимизда эркин сўзлаш, асосийси, тафаккуримизнинг миллийликдан озиқланишига, гуркирашига эришдик. Ўзбекистонимизда миллий тилнинг мавқеи ҳар қачонгидан ошди; ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида−бошқарув ва расмий муомалаларда ўзбек тилидан фойдаланилмоқдаки, бу уни ўрганишга ҳамда ўргатишга бўлган эҳтиёж кўламини кенгайтирди. Бугун таълимнинг барча тур ва бўғинларида она тили таълимида фарзандларимиз русча қолиплардан холи субстанциал (тил ва нутқ ҳодисаларини фарқлаб ўрганувчи) тилшунослик ютуқларига таянган миллий грамматикамизни ўрганишмоқда.

Том маънода, она тили машғулотлари тафаккур дарсларига айланиб бормоқда. Сабабки миллий ўзлик, миллий онг ва миллий қадриятлар ҳар бир ўқувчи, талаба, магистрантнинг тафаккурига беқиёс озуқа берувчи, битмас-туганмас манбадир. Демакки, тафаккур ривожланса, тил ривож топади, нутқ равонлигига ва мантиғига эришилади.

Зеро, тилшунослик тилимиз  ва ўзбек тили бирликларининг тизимий имкониятларини очиб беради, она тили таълими шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, айни бир ахборотни юзлаб усулу воситалар билан ифодалаш йўлларини, улардан аниқ бир  шароитда қай бири энг қулай  ва таъсирчан эканлигини тўғри аниқлай олиш ва қўллашни ўргатади. Мамнуният билан эътироф этиш мумкинки, ўзбек субстанциал тилшунослигининг ютуқлари  «ички бозор»нинг замонавий эҳтиёжларини қондириш билан чегараланиб қолмади: чет эл лингвистикасига ҳам таъсир кўрсатди ва ғарб  тилшуносларини ҳайратга солди. Жумладан, ўзбек германистлари олима Нофиза Воҳидованинг немис, Жамила Жумабоеванинг инглиз  тили лексикасини ўзбек субстанциал тилшунослиги ютуқлари асосида янгича  тадқиқи, унда  олмону инглиз олимларининг ўзлари пайқамаган ва тавсифларидан четда қолган градуонимия (тил бирликларида маъно даражаланиши) ҳодисасини ўзбек тилшунослик мактабининг вакили бўлган ўзбек  аёллари очиб, уларга тан олдирганлиги  фикримиз далилидир.

Ютуқларимиз бисёрлиги дилни қувонтиради, бироқ бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, тил борасида ҳукуматимиз томонидан «Давлат тили ҳақида»ги қонун (1989) қабул қилинган бўлса, тил таълими билан боғлиқ ҳолда она тили таълимининг мақсади, мазмуни, усул ҳамда воситалари янгиланган ва ҳозирда улар такомиллаштирилаётган бўлса, «Таълим тўғрисида»ги қонун(1997) ижросини таъминловчи «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»(1997)нинг сифат босқичи амалда бўлса, яна қандай муаммолар бўлиши мумкин?

Яқинда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида куюнчак бир газетхоннинг Андижон шаҳридаги жой номлари ҳақидаги «Элегант»дан «Жасмин»гача» деб номланган мактуби эълон қилинди ва бу бизнинг ҳам юрагимизга «хиралик» солаётган баъзи жиҳатларни баён этишга ундади. Сабабки Андижондаги жой номлари билан боғлиқ нохуш ҳолат, афсуски,  республикамизнинг барча вилоятларида бўлгани каби бизнинг Бухоромизда ҳам учрайдики, бу бугунги кунда миллий тилимизга бўлган эътиборсизлик белгисидир. Кичиккина кўринган мазкур нохушликлар йиғилиб, бисёргина муаммоларни юзага келтирмоқда. Эндиги фикрларимиз шу хусусда.

Она Бухоромизнинг кундан кунга чирой очиб, гўзаллашиб бораётганлиги шукронага лойиқ: чиройли иморатлар, равон йўллар, кўзни қувнатадиган гулларнинг ифорли бўй таратиб туриши, зарурий маҳсулотларга лиқ тўла бозор расталари, йўл четларида бир текисда қурилган савдо дўконларию маиший хизмат бинолари, меҳнаткаш халқимизнинг фидокорлиги... Осмон остидаги очиқ музейга айланган шаҳримиздан зиёрат қилувчиларнинг кети узилмайди, бундан қалбимиз ғурурга тўлиши табиий. Кузатишимизча, битта кўчада элликка яқин турли-туман номларга дуч келамиз, уларнинг ичида ўзбек тилидаги номлар аҳён-аҳёнда бир учрайди: «Забаржад» тўй либослари, «Кумуш» ательеси, «Зебо» бахт либослари, «Бахт либослари», «Шаҳруза», «Висол» бахт либослари, «Дунё гиламлари», «Дунё чироқлари» каби.  Она тилимиздаги номлардан кўзингиз яшнайди, қалбингиз сурурга тўлади.

Шаҳарнинг «Шарқ» мавзесидан «Дилкушо» ёпиқ бозоригача бўлган масофада жойлашган савдо расталарию маиший хизмат биноларининг номланишини кузатамиз. (Бизнингча, чет элдан келган меҳмон қаерга тушиб қолдим, деб ҳайратланиши табиий.) Жой номларига эътибор берайлик: «Истанбул», «Флоренция», «Саалам» («Салом» бўлса керакдиров), cвадебный салон «Шадози», «Шаҳризада» («Шаҳризода» бўлса керак...), «Русалка», «Миссис Лад», «Нептуал»…

Ва яна «Милано» (бутик), «Мирвана», «Heartsd glad», «Фоманта», «Флоренс», «Ниагара», «Принцесса» (бутик), «Лореал», «Ягуар», «Клеопатра», «Долче Вита», «Lоvе is», «Богема», «Кокетка», «Зам зам», «Лиа ди», «Бебу», «Лореал Париж», «Еlif», «L Max», «EGS Lu-pera», «Гламур», «Эдем», «Дедем»…. Бундай “замонавийлашган” хорижий номларга шаҳарнинг исталган кўчасида дуч келишингиз мумкин.

Ҳафсаламиз пир бўлиб йўлимизда давом этамиз:   кафе «Гурман», кафе «Play station cafe Smile», кафе «Сезам»,  ресторан «Европа»... Бу рўйхатни ҳам истаганингизча давом эттира оламиз. Афсус… Йўлимиздан        «Бебетто», «Том и Жерри» болалар магазинлари савлат тўкиб чиқади. (Шу дўконларнинг номларини «Ширинтой», «Болажон» ёки «Ёқимтой» деб қўйишса, қандай чиройли-я?)

Гўзаллик салонлари номларига диққатингизни жалб қиламиз: “Мэри», «Центр красоти «Диадема», «Багира», «Estel», «Vitell», «Nefertiti»…..  (Гўёки бизда миллий номлар йўқдек?!)

Шаҳримиздаги ҳашаматли тўйхоналарга қўйилган номларнинг кўпчилигида тарихий шахс ёки жой номларига  мурожаат этилган («Мироншоҳ», «Турон», «Ширбудун», «Фатҳобод») ёки фарзандларининг номларига қўйилгани ҳам ёмон эмас («Хуршид Файз», «Шаҳнозабону» каби). Шунингдек, «Афсона», «Чашма», «Дийдор», «Садаф» сингари номларнинг қўйилиши ҳам ғашингизга тегмайди. Аммо ҳаммасида ҳам шундай эмас: «Қасри арус» (ўзбекчаси «Келинлар қасри», ўз тилимизда қандай чиройли эшитилади-я);  «Султан» (назаримизда, «Султон» бўлса керак); «Royal xol», «Еlit Мах», «Даймонд» ва ҳ.к.  (Баъзан ўзбекча қўйилган номларнинг ҳам маъносини тушунолмай бошимиз қотади. Вилоят касалхонаси киравериш дарвозасининг ўнг томонида турли таомлар пиширадиган ошхонада «Бахтли жўжа» номига кўзингиз тушади. Тўғрироғи, биз бу ном ҳақида нима деб хулоса чиқаришни ҳам билмаймиз?!)

Шаҳримиздаги «Бухоро» телевидениеси томонга кетаверишдаги йўлнинг чап томонида «Фернандо» деган янги меҳмонхонага кўзимиз тушганда ажабланамиз, бир-биримизга тушган нигоҳларимизда «Шунга «Фарҳод» деб ном қўйса нима бўларкан?» деган савол зуҳур бўлади. Шу пайт меҳмонхона эшиги олдидаги таниш аёлни кўриб бир оз чалғигандек бўламиз. Маълум бўлишича, меҳмонхона бизга таниш аёлнинг акасига тегишли экан, нега бундай номланганини сўраб, ўзбекча номланиши ҳақидаги фикримизни билдирсак, у «Акамнинг исмлари Фарҳод, ўғилларининг оти Фернандо, ном жиянимнинг шарафига қўйилган», деб қолди.

Ўйлашингиз мумкин: «Сиз айтаётган ўша савдо расталарию маиший хизмат бинолари ёки тўйхоналар кимларнингдир меҳнати, маблағи эвазига бунёдга келган. Халқимизга беминнат хизмат қилмоқда, аҳоли эҳтиёжларини қондирмоқда. Меҳнат, маблағ, бино уникими, хусусийми? Хўш, сизга нима қандай ном қўйиши?» Бир томондан сиз ҳақдек кўринасиз, аммо шу ўринда бизни бошқа мулоҳаза қийнайди: Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг 20-моддасида «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин» деб аниқ ёзиб қўйилган. Бу биринчидан. Иккинчидан, кўпчилигимизнинг ҳожатимизни чиқараётган ўша дўконлару ресторанлар, кафе-барлар, маиший хизмат биноларию тўйхоналарнинг номланиши маънавиятимизга, айниқса, фарзандларимиз мафкурасига салбий таъсир ўтказмаяптими?! Буни инкор эта оласизми? Йўқ, албатта.

Бу кўр-кўрона тақлидчилик, эътиборсизликлар оқибати ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз шарт. Ривоят қилишларича, бир филчани туғилганиданоқ қозиқдаги узун занжирга боғлаб қўйибдилар. Филча йигирма йил шу қозиқ атрофида айланиб ҳаёт кечирибди. Уни озод этишибди. Фил гарчи занжирбанд бўлмаса-да, яна йигирма йил ўша қозиқ атрофида айланган экан… Мустабидлик занжирларини узганлигимизга йигирма икки йил тўлди. Бугун биз қалбан, маънан, руҳан, сийрату суратан ўзбек деган номга муносиб бўлиб яшашга тўла ҳақлимиз.

Шу ўринда ҳазрат мир Алишер Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз−элга эътиборсиз» деган ҳикматларини яна бир карра эслатиб ўтмоқни жоиз деб билдик. Юқорида санаб ўтганларимиз−кўр-кўрона тақлидчилик, эътиборсизликларни миллий тилимизга, халқ маънавиятига бўлган лоқайдлик деб ҳисоблаймиз. Бугун асрлар давомида элимиз қадрлаб келган неъматларга эътиборсизлик қилсак, билиб қўйайликки, эл шундай кишиларнинг ўзини ҳам, борлигини ҳам эътибордан соқит этади. (Бу халқимиз тарихида доимо синовдан ўтиб келаётган ҳолатдир.) Дунёда эл-юрт эътиборидан четда қолишдан кўра даҳшатлироқ жазо бўлмаса керак.

Аждодларимиз бутун умрлари давомида интилиб келган тил мустақиллигига биз эриша олган эканмиз уни кўз қорачиғимиздек асрашга, софлигини сақлашга, имкониятларимиз даражасида бойитиб боришга масъулмиз. Зеро, бу масъулият бизнинг она тилимизга бўлган эҳтиромимиз белгисидир. Юртбошимиз айтганларидек, «айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозим». Буни ўзини ўзбекман деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаро юракдан ҳис этишига ишонамиз.

 

Шоира Аҳмедова, Меҳринисо Абузалова, Дилором Йўлдошева,

БухДУ ўзбек филологияси кафедраси доцентлари

Izohlar (0)

Leave a comment

You are commenting as guest.