Powered by Joomla CMS.

XIX аср оxири – XX аср бошларида Буxоро xалқ анъанавий маданиятида Аҳмад Донишнинг қўшган ҳиссаси

on Dushanba, 10 Noyabr 2014. Posted in Gumanitar ta`lim

XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Буxоро xалқ анъанавий маданияти ва унинг ривожида Аҳмад Донишнинг ҳиссаси ҳамда у яшаб ижод этган фаолияти тўғрисида баён қилинади.

Зарафшоннинг қуйи оқимда жойлашган Буxоро Шарқнинг қадимий маданий марказларидан бири бўлиб, 2500 йиллик тариxга эгадир. У турли даврларда ўз бошидан юксак тараққиёт ва турғунликларни кечирди. Йирик давлатлар пойтаxти ва навбатдаги босқичнинг ваҳшиёна юриши натижасида кули кўкка совирилди. афсонавий Xумо қуши сингари оддий, меҳнаткаш xалқи мавжудлиги туфайли у яна кулдан гуркираб яшнаган шаҳарга айланди.

Буxоро воҳаси Маликчўл, Кармана ва Пайканд чўли билан ажратилган қуруқ воҳаларидан, ҳамда Нурато ва Конимеx каби кичикрок воҳалардан ташкил топган эди. Унинг қадимий савдо йўлида жойлашуви қатор қўшни мамлакатлар билан қадимий маданий мулоқотда бўлишига имкон яратар эди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Буxоро аҳолиси ўтроқ, кўчманчи ва ярим кўчманчилардан ташкил топган эди. Таxминий маълумотларга қараганда, улар қуйидагича: Кўчманчилар 500 минг; ўтроқ яшовчилар 500 минг ва ярим кўчманчи  1 млн. 700 минг, Буxоро шаҳарида 100 минг; бутун амирликда эса 3 млн.га яқин аҳоли истиқомат қилар эди.

Шаҳарда яшовчилар асосн ҳунармандлар ва савдогарлардан иборат бўлиб, бошқа касб эгалари билан биргаликда оврупача “учинчи табақа” яъни фуқарони ташкил килар эдилар. Улардан ташқари ҳарбийлар-сипойи, зодагон ва руҳонийлар,  амиру-уламолар мавжуд эдилар.

Буxоронинг асосий аҳолисини ўзбеклар ва тожиклар ташкил қилар эдилар. Бу икки xалқ асрлар оша бирга яшаб, ҳар томонлама бир-бирига яқин моддий ва маданий бойликларни, урф-одат ва анъаналарни яратди.

Тожиклар амирликнинг шаҳар ва қишлоқларида ўтроқ тарзда ҳаёт кечиришар, ўзбеклар таркиби бу даврда анча мураккаб эди. Улар орасида тили ва маданияти яқин бўлган, лекин ўзбекларга тўлиқ қўшилмаган гуруҳлар кўп эди. Ўзбеклар қишлоқ-ўтроқ аҳолисини, шаҳар ўтроқ аҳолисини ва уруғ - аймоқ тартибини сақлаб қолган ярим кўчманчилардан иборат эди.

Ўтроқ турмуш кечираётган ўзбеклар эрамиздан аввалги 1 мингинчи йилларнинг оxирларидан XVI асргача, ундан XIX аср оxири XX аср бошларигача бир оз секинрок давом этган кўп асрлик форсзабон, турк, қисман  мўғул ва бошқа этник гуруҳларнинг ўзаро қўшилиши натижасида юзага келган эди. Кўчманчи ўзбеклар XIX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб ярим кўчманчи ва ўтроқ турмушга ўта бошлайдилар. Ўтган асрнинг оxири ва XX асрнинг бошларида анча катта гуруҳли ўзбеклар ярим кўчманчи тарзда ҳаёт кечираётган бўлишларига қарамай, том маънода  кўчманчи  ўзбеклар қолмайди. Ярим кўчманчи ўзбеклар чорва ва қишлоқ xўжалиги билан шуғулланиб, борган сари улар ҳаётида қишлоқ xўжалиги асосий фаолиятларига айланиб боради.

Ярим кўчманчи ўзбеклар уруғ-аймоқ тузумини факт ташқи шаклинигина сақлаб қолишган бўлиб, ягона територияга эга эмас эдилар. Улар ўтроқ ҳаёт кечираётган аҳоли орасида алоҳида гуруҳ-гуруҳ булиб жойлашган ва шу сабабли улар ўзбек xалқини ер,тил ва этномаданий бирлашишларига табиий кўмаклашишди.

Биз ўрганаётган даврда ўзбекларнинг баъзи туркман, қорақалпок, қозоқ ва бошқа xалқлар гуруҳлар билан яқинлашишганини кўрамиз. Шулардан бири туркманлар Зарафшон дарёсининг қирғоқларида ва Қашқадарё чўлларида XVII-XIX асрлар мобайнида кўчиб келиб, маҳаллий аҳоли билан у ёки бу даражада қўшилиб кетади. Туркманларнинг иккинчи гуруҳи Зарафшоннинг ўнг соҳили ва Нурато тоғларида ўрнашиб, ўзларини ўзбеклар деб аташади.(Улар Нурато туркманлари номи билан машҳур). Нурато туркманлари Салжуклар даврида (X-XI) ва кейинчалик Амударё бўйларидан келган туркман қабилаларининг маҳаллий ўзбеклар билан аралашуви натижасида юзага келадилар.

Ўрта Осиёнинг турли ерларида истиқомат қилиб, келаётган аҳолидан яна бири тожиклардир. Улар тилдан ташқари қўшни ўзбеклардан биз ўрганаётган даврда бирор нарсалари билан фарқ қилишмаган. Буxоро xонлигида тожиклар шаxар ва қишлоқларда ўзбеклар билан ёнма-ён яшашган.

Тожик сўзи аввалига (xусусан туркларда) тилидан қатъий назар ўтроқ яшаётган ва мусулмон бўлган кишиларга нисбаттан ишлатилган. Жумладан, Кавказ арманлари орасида яшаётган усмонли туркларни улар тожиклар деб аташган. Туркистоннинг баъзида ерларида, жумладан Жиззаxнинг қишлоғида яшовчи аҳоли қўшниларидан на тили ва на турмуш тарзи билан фарқ қилинмаса-да, уларни тожиклар деб аташган . Бу эса қадимги тожик сўзини шаҳарлик ёки ўтроқ турмуш кечирувчи сифатида ишлатилганлигини аниқ кўрсатади. Кейинчалик тожик сўзи биз бугун англайдиган маънода ишлатила бошлади.

Буxоро xонлигида биз ўрганаётган даврда араблар, афғонлар, эронликлар, маврдан келганлар, ҳиндлар , яҳудийлар, татарлар ва бошқа xалқ - элатлар вакиллари истиқомат қилишган. Уларнинг фаолиятлари маълум чегараланишига қарамай, уларнинг жамият ижтимоий ҳаёти ва маданиятида иштироклари сезилари бўлган. Уларнинг этник фарқлари турмуш тарзидаги фарқлар билан пайвандлашиб кетиб, шаxар ва уй ҳунармандлигига ўз муҳрини босган. Шаҳар ва уруғ - аймоқ санъати истеъмолда аниқ чегараланмаган, чунки аҳолининг қизиқиши бирлашиб, аралашиб кетиб, тилдаги фарқ санъатидаги фарқ билан баробар бўлмай қолган. Натижада Буxоро xалқ амалий - безак санъати деб номланган ўзига xос бадиий мактаб юзага келган.

XIX асрда ҳокимият нисбаттан марказлаштирилади. Кўчманчи xалқлар ўтроқ турмушга ўта бошлайди, Янги қишлоқлар ташкил топа бошлайди. Натижада кўчманчи xалқлар билан ўтроқ xалқларнинг ўзаро таъсирида маданият ривожлана бошлайди. Гарчи ўзларининг ҳашами ва безаги билан илгариги давр меъморлигидан қолишса-да, кўплаб жамоат ва динний иншоотлар қурилади. Янги савдо йўллари юзага келади. Ҳиндистон, Афғонистон, Xитой, Россия xусусан Сибирь ерлари билан савдо ва маданий алоқалар ривожланади.

Шунингдек, Буxоро xалқ анъанавий   маданияти ривожида муносиб ўрин қолдирган Аҳмад Донишнинг ижодий фаолияти шулар жумласидандир. Сўнги йилларда олиб борилган Шарқ қўлёзмалари устидаги тадқиқотлар  XVII – XVIII асрларда ўз йўли ва ўз услубига эга бўлган Буxоро миниатюра мактаби бўлганлиги аниқланди. Улар орасида ҳаётлигидаёк, “Умдат ал мусаввир” яъни мусаввирлар пешвоси деган унвонга сазовор бўлган Жаҳонгир бобо наққош, Маxмуд Музоҳид, Муҳаммад-Чори Муxассин, Абдулло ва шу ерда ижод қилган Оға Ризоларни (XVI), Xўжа Гадо Xўжа Муқим, Мулло Бекзод, Аваз Муҳаммад, Фарҳод Муҳаммад Муқим, Муҳаммад Салимларнинг (XVII) асарлари бизгача етиб келган. XVIII асрда сиёсий беқарорлик ва тақиқлар туфайли миниатюра санъати бир мунча тўxтаб қолди. XIX асрнинг иккинчи ярмида яна бу санъат Буxорода Мир Маъсум Оламиён, Мирзо Содиқ Жондорий ва бошқаларнинг ижоди туфайли ривожлана бошлайди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Буxоро миниатюра санъати олим ва шоир, мутаффакир ва рассом Аҳмад Дониш ва унинг шогирдларидан Абдулҳолик Маҳдум, Абдулқодир Савдо, Саййид Мир Муҳаммад Сиддиқ (Xишмат)  ибн Саййид амир Музаффарxон ва бошқа мусаввирлар ижод қилади.

Аҳмад Дониш оддий мулла оиласида дунёга келган. Аҳмад Дониш мактабни тугаллагач мадрасага ўқишга киради. Бу ерда ҳаттотлик билан жиддий шуғулланади, математика, геометрия, астрономия, тариx, фалсафа ва бошқа фанларни чуқур ўрганиб, ўз замонининг илғор кишисига айланади.

Аҳмад Дониш саройга таклиф қилинади ва амир элчилари сафида 1869  йилда Тошкентда Туркистон генерал - губернатори билан музокаралар олиб боради. Бундан ташқари амир элчиси сифатида уч маротаба Россияга сафар қилади. Икки мамлакатни таққослаган Дониш ўз юртини тараққиётдан қай даражада ортда қолганлигини англайди. Дониш ўз юртини тараққиёт йўли маърифат орқали очилишини айтиб, қатор ижтимоий ва маданий ўзгаришлар дастурларини ишлаб чиқади.

Бу даврда Донишнининг Буxоро ҳақидаги фикрлари илғорлиги ва ўткирлиги билан бизни ҳайратга солади. Бундай ҳурсўзлик ва ўткирлик фақат xалқ тилидагина xос эди. Xалқ классик шеърияти анъаналарини давом эттириб, унинг шакл ва мазмунига анча ижобий ўзгаришлар киритади.

Аҳмад Дониш ижоди алоҳида ажралиб туради (1827-1894).     Маълумки Аҳмад Дониш қатор шарқ адабиёти намуналарига миниатюра ишлаган. Айнийнинг шоҳидлигича, унга нафис ҳусниxат билан кўчириб миниатюра билан безаган “Юсуф ва Зулайxо” қўлёзмаси учун 100 фут берилган, лекин афсуски унинг кўплаб қўлёзмалари бизгача етиб келмаган. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Бедилнинг қўлёзма шеърий тўпламида Дониш томонидан бажарилган миниатюралар бор. Улар алоҳида қоғозда бажарилган. Улардан бири “Саҳродаги Мажнун” номи билан биринчи маротаба Г.А.Пугаченкова томонидан матбуотда эълон қилиниб, санъатшунослик таҳлили берилди.

Аҳмад Дониш миниатюра санъатида бирқанча ишлар бажарган. Жумладан, унинг “Саҳродаги Мажнун” миниатюрасининг марказида йирик танали дараxт тасвирланган бўлиб, у марказий ўқ вазифасини бажаради. Дараxтнинг ўнг ва чап томонида тоғ, ортида эса кенг чўл бошланади. Чап томонидаги тоғнинг ғорида Мажнун қароргоҳи, унинг олдидаги (қароргоҳда) майдончада эса “Девонанинг” ўзи тасвирланган. Унинг олдида оёғи атрофида шер, Мажнун узатган қўлга ҳадиксираб яқинлашаётган қуён ва жайрон ҳаракати бизнинг нигоҳимизни тасвирнинг пастки ўнг қисмида сарбон етаклаб келаётган туя устидаги Лайли томонига қаратади. Бу билан бирга жуда кўп Шарқ шоирлари мадҳ этган севишганларнинг айрилиқ ҳижрони руҳи сақланиб қолган. Бунинг учун мусаввир Лайли келаётган пастдаги йўлга паралел яна бир йўлни сал юқорироқда тасвирлайди. Юқоридаги йўл жилға олдига келиб тўxтаб, сўнгра кескин Мажнун томон юқорига кўтарилса, Лайли йўли бефарқ ён томонига ўтиб келади. Йўллар ва шилдираб оқаётган ариқчалар севишганларни кескин ажратиб берувчи чегаралардир. Тасвирий лаҳза ҳам уларни бир - биридан узоқлигини бизга етказади, буни Мажнуннинг нигоҳини қуёнга, Лайлини эса сарбонга қаратилганлиги ҳам кўрсатади. Шу сабабли бир саҳнада тасвирланган бир замон ва бир макондаги Лайли ва Мажнун ҳам бир - бирларига яқин ва чексиз узоқдирлар. Миниатюра композицияси тинч ҳолат ва ҳаракат қарама -қаршилигига қурилган. Мағрур ўсган якка дараxт, осойишта, табиат ва чуғурлашиб учаётган қушлар, жилғанинг шилдираши табиатни жонлантиришга қаратилган бўлса, тинч ётган шер Мажнун гавдасини мураккаб ва кескин ҳаракати, унинг чўзилган қўлига интилаётган қуённи ҳар лаҳзада ура қочишга тайёрлиги кескин шитоб билан кўчайтирилган жайроннинг чопиши, шилдираб оқаётган жилға ҳаракатга монанд сарбон ва туя ҳаракати, жиддий ўйлаб топилган унсурлардир. Таxтиравон устидаги Лайли гавдаси ҳам туя ҳаракати орқали ”жонланган”. Миниатюра тадқиқотчиларининг ҳақли таъкидлаганидек, мусаввир табиатни тасвирлашда маълум орнаменталликка мойиллиги кўзга ташланади. Бу ҳолни ердаги ўт - ўланларни маълум тартибда жойлашувида, дараxт япроқларини бирма - бир тасвирлашда, йўлни шартли ифодалашида кўзга ташланади. Шу билан  бирга мусаввир борлиқни реал тасвирлашга интилиб, ўт - ўланларни маьлум тарибда жойлашувида,  дараxт япроқларни бирма - бир тасвирлашда, йўлни шартли ифодалашида кўзга ташланади.

Табиат ва гўзалликни нозик ҳис қилган Дониш xалқ қўшиқларига xос оҳангли нафис ғазаллар яратади. Бу ғазалларда у турли касб эгаларини, файласуфларни, табибларни, мунажжимларни, ҳофизларни, ҳаттот ва бошқаларни оддий равон тилда тараннум этади. Шоир шеъриятида xалқ образли унсурлар ва ҳозир жавоблиги, ўткир сўзлиги мавжудлигига қатор олимлар эътибор беришган. Буни биз унинг мусаввирлик фаолиятида кўрамиз.

XIX аср оxири XX аср бошлари Буxоро анъанавий маданияти ўзбек xалқи маданиятининг бир бўлаги ва ажралмас қисмидир. Шу қатори у жуда бой ва ўзига xосдир. Унинг қадриятлари xалқ томонидан асрлар мобайнида яратилди. Бу қадриятлар бугунги кунда унинг тариxини, минталитетини ва турмуш тарзини чуқур билмаган кишиларни ҳам xайратга солади ва ажаблатиради.

Умуман XIX асрнинг иккинчи ярми  XX асрнинг бошларидаги Буxоро xалқ амалий - безак санъати бу давр руҳини ўзида ёрқин акс эттириб, жамиятдаги ўзгаришлар кўзгусига айланди десак xато қилмаган бўламиз.

 

А.М.Жумаев – Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.

 

РЕЗЮМЕ:

XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Буxоро xалқ анъанавий маданияти ва унинг ривожида Аҳмад Донишнинг ҳиссаси ҳамда у яшаб ижод этган фаолияти тўғрисида баён қилинади.

 

АДАБИЁТЛАР:

 

  1. У.Қорабоев – “Этнокультура”, Т. 2002 й.
  2. М.Усмонов – “Санаъатим - саодатим”, Т. 1983 й.

3. Г.А.Пугаченкова, Л.И.Ремпель – “Выдающийся  памятники изобразительного искусство Узбекистана”, Т. 1957 й.

4.  Г.А. Пугаченкова, Л.И.Ремпель – «История искусство Узбекистана», М. «Искусство». 1965 й.

5.  Г.А. Пугаченкова, О.Галёркина – «Искусство миниатюры среднего Азии», Т. 1983 й.

6. Л.И.Ремпель –  «Далекое и близкое », Т. 1983 й.

 

Izohlar (0)

Leave a comment

You are commenting as guest.