Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ЭРКИН АЪЗАМ АСАРЛАРИДА ИДЕАЛ ВА ВОҚЕЛИК МАСАЛАСИ

Машҳура Шералиева Икромжоновна,   Андижон давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси тадқиқотчиси

Таянч сўзлар: киноя, романтика, лиризм, идеал, воқелик, сарказм, модус назарияси, бадиийлик модуси

 

Ключевые слова: ирония, романтика, лиризм, идеал. действительность, сарказм, теория модуса, модус художественности

Keywords: irony, romanticism, lyricism, ideal. reality, the sarcasm, the theory of modus, modus artistry.

Мақолада ёзувчи Эркин Аъзамнинг киноявий асарларидаги идеаллар ва воқелик зидлиги таҳлил қилинган. Ёзувчи киноясининг ижтимоий-психологик асослари ҳақида фикр юритилган.

В статье раскрыта контрастность между идеалами и действительностью в иронических произведениях Эркина Агзама. Рассмотрены социально-психологические основы авторской иронии.The article reveals the contrast between ideals and reality in the ironic stories Erkin Agzam. Reveals The social-psychological basis of the author's irony.

            Ўзбек насрининг 70-йиллар авлодига мансуб Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам каби ёзувчиларнинг аксарият асарларида киноявийликнинг кучайиши кузатилади. Ушбу адабий-эстетик ҳодиса кўп жиҳатдан бу даврда мазкур авлод ёзувчилари дунёқарашида юз берган ўзгаришлар билан боғлиқ.

70–80-йиллар ўзбек насридаги кинояни юзага келтирган ижтимоий шарт-шароитлар ҳақида гап кетганда, аввал 50-йиллар охири ва 60-йиллардаги ижтимоий кайфият адабиётда романтик руҳни устувор қилганини таъкидлаш керак бўлади. Бироқ бу руҳ ижтимоий иллюзияларнинг парчаланиши натижасида шиддат билан ҳаётдан узоқлаб борди. 70-йиллар авлоди анъанавий равишда романтик кайфиятни юқтирган бўлса ҳам, аста-секин романтика ўрнини киноя эгаллай бошлади. Воқеликка романтик муносабатдан киноявийлик томон силжиш ёзувчи Эркин Аъзам ижодида ҳам кузатилади. Реаллик билан тўқнашув натижасида юзага келган идеаллар ва воқелик ўртасидаги зиддият ёзувчи дунёқарашида, ижтимоий кайфиятида жиддий ўзгаришларга олиб келди. Бу ҳол адиб асарларида сўнгги давр романтизм адабиёти вакиллари ҳамда Н.В.Гоголь асарларидаги каби романтик киноя принципига ўхшаш ҳодисани юзага келтирди.

Эркин Аъзамнинг “Баҳор” ва “Баҳор”ни қувиб номли ҳикоялари ёзувчининг воқеликка лиро-романтик муносабати киноя томон қай тарзда ўзгариб борганини кузатиш имконини беради. Ҳар икки ҳикоядаги воқеалар битта қаҳрамон – ёш тарих ўқитувчиси Имомов билан боғлиқ ҳолда рўй беради. Иккала ҳикояда объект (қаҳрамон) бир бўлгани ҳолда, муаллифнинг унга муносабати икки хил: биринчисида лиро-романтик муносабат, иккинчисида киноявий муносабат етакчилик қилади.

“Баҳор” ҳикоясида ровий ва қаҳрамоннинг воқеликка муносабати макон билан боғлиқ тарзда қуйидагича ўзгариб боради: уйда лиризм – адирда лиризмнинг кучайиши – магазинда киноя – Шўрсойда лиризмнинг тикланиши – ресторанда киноя, кейинроқ лиризмнинг тикланиши. Одамлар билан мулоқотга интилган, ўз туйғулари, ҳис-кечинмалари билан ўртоқлашиш истагида ҳамсуҳбат қидирган Имомов умуман тескари муҳитга тушиб қолади, натижада ундаги лиро-романтик кайфият икки бор парчаланади ва киноявий муносабат билан алмашинади. У фақат ўзи ёлғиз қолгандагина туйғуларнинг юксак даражасига чиқа олади. Ҳикояда табиат билан боғлиқ деталь ва мотивлар (баҳор, шабада, адир, Шўрсой ва б.) лиризмни кучайтиргани ҳолда, одамлар билан мулоқот, тўғрироғи, Имомов қўшилишни истамай жим кузатаётган одамларнинг мулоқоти реаллик билан тўқнашув сифатида кинояни кучайтирган.

Имомовнинг атрофидаги кишилар қандайдир зерикарли ҳаёт кечиришмоқда (“Имомов бундай рўзгузарончилик ёлғиз девонанинг иши эканини, унгагина ярашишини ўйлади”), уларнинг ҳаёти жонли мавжудотнинг жонли ҳаётига ўхшамайди. Имомовнинг назарида, баҳор ва баҳор шабадаси одамлардан кўра жонлироқ, тирикроқ. Шунинг учун ҳам қаҳрамоннинг “Баҳор! Баҳор келди ахир, одамлар, баҳор!..” деган хитобига кайфи ошиб қолган Собир ғилдирак ўзи англамаган ҳолда “Ким? Ким кепти?” дея тўғри савол беради, баҳорнинг тириклиги, жонлилигига тескари равишда инсон (Собир ғилдирак)нинг жонсизлигига, тирик эмаслигига ишора қилинади.

Қаҳрамоннинг маънавий олами унинг ташқи ҳаётидан ажралиб қолган – унинг кечинмалари ва атрофдагиларнинг суҳбатлари параллел берилади. Имомов нимадир ажойиб, болаликка хос беғубор, ёшликка хос самимиятни излаб одамларга, давраларга интилади, уларда эса унинг маънавий оламига мутлақо алоқасиз моддий нарсалар ҳақида гап боради. “Баҳор” ҳикоясининг мазмунан давоми бўлган “Баҳорни қувиб” ҳикоясида ҳам шунга ўхшаш ҳолат давом этади. Имомовнинг шаҳардаги дўсти Эркин билан ҳам гаплари қовушмайди, Эркин квартира оломаётганидан гапиради. Имомов бу ерда ҳам қишлоқда бўлгани каби чинакам мулоқотнинг етишмаслигидан қийналади. У бошқаларга ўхшаб яшай олмаслигини ҳис қиляпти, лекин бошқача ҳаёт қанақа бўлиши керак – буни ҳали унинг ўзи ҳам яхши идрок эта олмайди.

Қаҳрамон талабалик даври билан боғлиқ хотираларида Шаҳноз деган қизни кўп эслайди, ота-онасининг уйлантириш ҳақидаги гаплари ҳам Шаҳнозни эслатади, уни қишлоғига олиб келганида ким қандай муносабат билдириши мумкинлиги ҳақида узоқ-узоқ ўй суради. Бироқ Имомов шундай ширин ўй-хаёллар билан банд бўлган пайтида Шаҳнознинг аллақачон турмушга чиққани, турмуши бўлмай ажрашгани ҳақида кейинроқ, шаҳарга боргач, дўсти Эркиндан эшитади (“Яхши кўрардинг шекилли, а? Вақтида ҳаракат қилиш керак эди, бўталоқ, вақтида!”). Воқеликнинг, воқеалар ривожининг қаҳрамон ўй-хаёлларига, ният-мақсадларига тескарилиги соф киноявий вазиятни юзага келтиради. Имомовнинг хаёлини банд қилган қиз аллақачон турмушга чиқиб кетган, шаҳар ҳам қаҳрамонга у кутган жўшқинликни қайтариб бермайди. Демак, Имомов ҳаётда нимадир муҳим нарсани эътибордан четда қолдирган, ҳаёт унинг тасаввурларидагидан бошқачароқ, мураккаброқ бўлиб чиқди. Вақтида буни англашга улгурмаган Имомов севиш имконини бой бергани каби, эндиликда яшаш имконини ҳам бой беряпти – қаҳрамонни безовта қилаётган, у ғира-шира англаётган ҳақиқат ана шундан иборат.

Юқорида таҳлил этилган ҳикояларда баҳор ёшликдаги идеаллар таъсирида туғилган романтик кайфият рамзи сифатида берилган ва одамларнинг зерикарли, бир хилдаги бефарқлик кайфиятига қарши қўйилган бўлса, ёзувчининг “Чол бўлиб уйғонсак...” номли этюдида идеаллар ва воқелик ўртасидаги номувофиқлик “эртак ва реаллик” зидлигида, бу орқали қаҳрамоннинг лирик ва киноявий муносабатида ўз ифодасини топади. Бундан реаллик билан тўқнашув натижасида ижодкор дунёқарашида “идеаллар–воқелик” зиддияти янада чуқурлашганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Асар икки дўст – ёзувчи ва муҳаррирнинг бошдан-оёқ кинояли суҳбатларидан иборат. “Бор экан-да, йўқ экан, сенга, менга ўхшаган бир одам бор экан. Сочлари қоп-қора навқирон экан. Бир эрта туриб қараса, ўша сочлар оппоқ оқарган эмиш, яъники – йигит сиёғида ётиб, чол сиймосида кўз очибди. Уйғонгач, сира ўзини йиғидан тиёлмасмиш. Сабабини сўраганларида, “Тушимда кўп йиллар яшадим, кўп йилларни кўрдим, лекин нуқул бировларнинг йўриғида юрдим”, деб жавоб берган  экан...” [5.158-159]. Кўринадики, қаҳрамон – ўз истагича яшай олмаётган, идеалларини реаллаштиролмаётган одам. Унинг янги йил арафасида “иллиққина, беозоргина нарса” ёзиб беришни илтимос қилаётган муҳаррир дўстига кинояси аслида ўзи истаганидек яшаш, ижод қилиш, яъни ўз идеалларини реаллаштириш имконидан маҳрум кишининг воқеликка муносабатини акс эттиради.

Кинояни фалсафий-эстетик нуқтаи назардан тадқиқ этган рус олими В.М.Пивоев ушбу ҳодисанинг юзага келишида ижтимоий-тарихий контекстнинг аҳамиятига диққатни қаратади. В.М.Пивоев фикрича, “Киноя суҳбатдошлар ўртасида фақат уларгагина тушунарли бўлган, ўзига хос ишончли муносабат ўрнатишга ёрдам бериши билан конвенциал вазифа ҳам бажаради. Ушбу алоҳида психологик контакт ўтмишдан орттирилган умумий тажрибага, мулоқот ва фаолият контекстига асосланади”[4. 83]. Э.Аъзамнинг “Чол бўлиб уйғонсак” ҳикоясидаги ёзувчи ва муҳаррир дўст киноялари ҳам ана шундай умумий ижтимоий-психологик тажрибага, давр контекстига асосланган.

Юқоридаги мулоҳазалар киноявий муносабат идеал ва воқеликнинг ўзаро зид қўйилиши натижасида юзага келиши ҳақидаги хулосага олиб келади. Воқеликка романтик муносабатдаги ижодкор идеал ва воқеликнинг ўзаро зиддиятини акс эттирар экан, одатда идеал томонида туриб воқеликка баҳо беради. Киноявий муносабатдаги ижодкор эса идеалнинг реалликдаги қимматини синовдан ўтказар экан, идеалнинг қай даражада мустаҳкам ёки мўртлигига баҳо беради. Эркин Аъзам “Отойининг туғилган йили” қиссасидаги Асқар Шодибеков идеалга мувофиқ қаҳрамон сифатида кўп жиҳатдан муаллиф ижтимоий-маънавий позициясини ифодалайди. Асқар Шодибековнинг маънавий-ахлоқий мустаҳкам позицияси унинг атрофидаги бир қатор персонажларга киноявий муносабати орқали акс эттирилган. Қаҳрамоннинг воқеликка муносабати кўп ҳолларда сарказм даражасига кўтарилади. Асқар Шодибеков табиатидаги шарттакилик унинг киноясини ҳам ошкор заҳархандага айлантириб юборади. Шунга кўра у ўзини атрофдагилар юзига ойна тутувчи деб билади: “Дастлабки танишувдаёқ суҳбатдошимнинг юзига “кўзгу” тутаман – марҳамат қилиб асл башарасини кўриб қўйсин!” [6. 119]

Киноя билиб туриб билмасликка олиш, субъект муносабатининг яширин ифодаси бўлиб, сарказмга унинг юқори даражаси сифатида қаралади. Рус олими В.Тюпа модус назариясига кўра киноя билан сарказмнинг объектини қуйидагича фарқлайди: киноя “ўзим учун мен” билан “бошқалар учун мен” ўртасидаги номувофиқликдан туғилади, унда инсоннинг асл “мен”и билиб-билмасликка олиш орқали ифодаланади; сарказм объектида эса ниқоб ортида “мен” – индивидуаллик мавжуд бўлмайди, қаҳрамон ниқобсиз мавжуд эмас, унинг учун ниқоб оламда мавжуд бўлишнинг ягона шаклига айланган [3. 476, 480].

Асқар Шодибеков ўз атрофидаги кишиларда ана шундай индивидуалликни тополмаган пайтда уларга “кўзгу” тутади. Масалан, унинг курсдоши Мадҳиддин ҳақидаги ўйлари тўлалигича киноя-кесатиқларга йўғрилганки, бу нарса Мадҳиддиннинг ташқи қиёфаси ва моҳияти ўртасидаги зиддиятни очиқ кўрсатишга хизмат қилган: “Биламан, ўқишни битиргач, у аввал албатта кичик илмий ходим бўлади, кейин – албатта илмий ходим! Аввал амал-тақал қилиб юз-юз эллик қоғозни қоралайди-да, фан кандидати унвонига эришади, кейин ўшанга яна икки юз бет (инсофига қараб!) қўшса кифоя – фан доктори! Бир куни у қўққисдан кўзойнак тақиб чиқади – “Илмдан!”, дейдилар ; сочи тўкилади – “Илмдан!”, дейдилар; мансабу шон-шуҳрат кўйида овсардек паришонхотир бўлиб қолади – “Илмдан!”, дейдилар, “Домла, домла”. Деб улуғлай бошлайдилар. Қўлингиздан нима келади – кўзидан кўзойнакни ололмасангиз, бошига қайтадан соч ўстиролмасангиз...” [6. 121-122]. Қисса қаҳрамони ҳар жиҳатдан силлиқ, мулойим курсдошининг у қадрлайдиган нарсалар фақат ниқоб эканига диққатимизни тортади. Бу ниқоб ортида, яъни кўзойнак, тепакаллик ва паришонхотирлик ортида илм эмас, мансабу шон-шуҳрат кўйидаги одамнинг майда мақсадлари ётганини таъкидлайди.

Қаҳрамон ўзи фош этаётган персонажлардаги улар қадрлайдиган ниқобларга – ижтимоий ролларига эътибор қаратиши бежиз эмас. Киноя объекти бўлган персонажлар ўзларидаги айнан ижтимоий ролни қадрлашади, шахсият ва индивидуаллик қадрланмайдиган муҳитда осонгина шахсиятидан воз кечиб кетаверишади. Қаҳрамонимиз эса мана шундай осонгина енгилишни, муҳит таъсирига ён беришни хоҳламайди, аччиқ киноялари, тагмаъноси чуқур пичинг-кесатиқлари билан бошқаларга “кўзгу” тутиш орқали ўзининг фаол позициясини кўрсатади. Шунга кўра муаллиф симпатияси тўлалигича Асқар Шодибеков томонида туради. Бу ўринда ёзувчи идеали бош қаҳрамон илгари сураётган, ҳимоясига чиқаётган маънавий-ахлоқий меъёр сифатида кўринади. Ёзувчи идеалига кўра, инсон маънавий-ахлоқий меъёрларга амал қилибгина қолмай, бошқалар билан муносабатда айни қадриятларни ҳимоя қила олиши ҳам керак.

Эркин Аъзамнинг аксарият қаҳрамонлари ўзлари ишонган қадриятларнинг реалликдаги қимматидан қониқмай, воқеликдан қочиб яшашга, атрофдагилар билан муносабатни чегаралашга мойил кишилар сифатида кўринади. “Кимларга эшик очасан?”, “Баҳор”, “Совуқ” асарларининг қаҳрамонларини ана шу типдаги инсонлар қаторида санаш мумкин. Қаҳрамон атрофдагилар билан муомала-муносабатни чегаралаш орқали ўз қадриятларининг қимматини ҳеч қурса ўзи учун сақлаб қолишга интилади. Бироқ бундай позициянинг бирёқлама эканлиги ёзувчининг “Жавоб” ва “Байрамдан бошқа кунлар” қиссалари қаҳрамонларининг тақдири орқали кўрсатиб берилган.

“Жавоб” қиссасининг қаҳрамони Нуриддин Элчиев бир пайтлардаги орзуларидан воз кечибгина қолмай, муҳит оқимидаги бир хасга айланганини сезмай қолади. Шунинг учун ҳам айрим одамлар уни бир хас каби ҳам қадрламасликларини жуда кеч англаб етади. “Жавоб” қиссаси муаллиф ижтимоий-эстетик идеалидаги жиддий янгиланишни акс эттирган асар бўлиб, бу ҳолат ёзувчи ўз дунёқарашидаги шахс концепциясига жиддий таҳрир киритганидан дарак берди. Нуриддин Элчиев ўз тасаввурида ижтимоий ахлоқий меъёрларга мувофиқ инсон эди – унда “яхши инсон”, “яхши ота”, “яхши хизматчи”, “яхши турмуш ўртоғи” ва ҳ.к. тушунчаларига зид ҳолат йўқдек. Бироқ касалхонада узоқ ички муҳокамалар жараёнида Элчиев ўзининг юқоридаги сифатларга ҳар доим ҳам мувофиқ инсон бўлолмаганини англаб етади. Қаҳрамон инсон ҳаётидаги ҳар бир воқеа, ҳар бир вазият орқали қўйилаётган саволларга муносиб жавоб қайтара олиши керак, деган хулосага келади.

Ҳаётга романтик муносабат бадиий реалликни икки қутбга ажратиб қўяди, яъни бундай муносабат етакчилик қиладиган асарларда идеаллар ва воқелик ўзаро бир-бирига зид икки қутбни ташкил этади. Бунда ижодкор идеал томонида туриб воқеликни инкор этади. Киноявий муносабатдаги ижодкор асарида ҳам идеаллар ва воқелик икки ўзаро қарама-қарши қутблар сифатида акс эттирилади, бироқ романтик ижодкордан фарқли равишда киноячи ижодкор мутлоқ идеал томонида турмайди, идеалга унинг воқеликдаги қиммати нуқтаи назаридан ҳам баҳо беради. Худди шундай баҳо бериш асносида муаллифда киноявий муносабат туғилади. Шунга кўра, киноячи ёзувчининг асарида идеал орқали воқеликка, воқелик орқали идеалга қараш, баҳо бериш асосий тенденцияга айланади

“Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси киноявий муносабатга хос иккиёқламалиликни яхши ифодалаб берган асарлардандир. Ҳикояда қаҳрамоннинг болалиги идеал олами – самимият, меҳр-оқибат рамзи сифатида берилади. Рамазон ҳикоячи қаҳрамон учун гўё уни ана шу олам билан боғлаб турувчи бир кўприк вазифасини бажаради. Рамазон ҳикоячига болаликдаги беғубор оламдан, самимият, меҳр-оқибат ва беғараз инсоний муносабатлардан қанчалик узоқлашиб бораётганини англатади: “Афандимидинг, Рамазон? Ҳозир ҳам шундаймисан? Биламан, шундайсан, сен ўзгармайсан. Аммо мен нега ўзгардим? Нега бундай бўлиб қолдим? Нега ўшандаги зорланишларингга кулиб қарадим, сен билан “бир портрет”га тушмадим? Тушганимда, бугун уни хонамнинг тўрига осиб қўярдим – баъзи нарсаларни эслатиб, баъзи нарсалардан огоҳлантириб турарди” [5. 26]. Ўз навбатида Рамазоннинг ҳам идеаллар олами бор – у ҳамиша ўзи хизмат қилган жойга, Барнаулга кетишни орзу қилади. “Бир ёқларга кетсаммикан, жўра?” деб қолади ўз-ўзидан маъюс тортиб. “Ҳа, тағин Барнаулми? – дейсан энсанг қотиб. – Худо урсин, миянг хато сенинг, Рамазон!  “Тўғри айтасан, жўра, хато. Нима қилай, ўша ёққа кетгим келаверади-да. Ай-й, сен тушунмайсан!” [5. 5]. Ташқарида дали-ғули, ҳеч нимани яширмайдигандек кўринган Рамазоннинг ҳам кўнглида ҳеч ким, ҳатто дўсти ҳам тушунишига кўзи етмайдиган олами борлигини ҳис қиламиз. Ҳикоячида ўз қадриятларидан, идеалларидан узоқлашиб бораётгани учун ўзидан норозилик кучайиб борса, Рамазон самимияти, кўнгилчанлиги ва беғеразлиги учун аксарият ҳолларда азият чекади. Муаллиф ҳар икки қаҳрамон ўртасидаги оралиққа, меъёрни сақлаш масаласига диққатимизни тортади.

Адибнинг нисбатан кейинроқ ёзилган “Шоирнинг тўйи” қиссасида шўро даврининг сўнгги йиллари воқелиги акс эттирилган. Оташқалб шоирнинг юбилейи тасвири баҳонасида ёзувчининг заҳарханда кинояси эски ниқоблар ўрнига янгисини тақиб олишга улгурган бир қатор қаҳрамонларнинг асл қиёфасини фош этади. Асарда муаллифнинг аччиқ кинояси сарказм даражасига кўтарилади.

“Шоирнинг тўйи” қиссасининг қаҳрамонлари ҳам ниқобсиз яшай олмайди, улар ниқобсиз ҳеч ким, ҳеч нарсага айланиб қоладиган кимсалар. Шунинг учун ҳам улар қиссада асл исми билан эмас, ниқоблари билан аталган: Оқсоқол шоир, Ажойиб домла, Мафкура хоним, Алвасти хоним – Мовийкўз, Маъшуқа хоним, Жиянбека ва ҳ.к. Ниқоблар борасида Оқсоқол шоир ҳаммани ортда қолдирган: “Ўйлаб кўрса номига мудом ҳар хил сифатлар тиркаб айтилган-у, ҳеч қачон оддийгина, лекин моҳиятини ифода этиб, “шоир” деб аталмаган экан. Қачон қараманг – “замон куйчиси”, “давр жарчиси”, “зафарлар булбули”, “серзавқ шоир”, “раҳбар шоир”, “атоқли шоир”, “отахон шоир”, “шоири замон”, мана, бугун эса – “оқсоқол шоир”.

Жиянбека образида турли ниқоблар орқали мансаб пиллапояларидан кўтарилиш, энг муқаддас тушунчалар, қадриятларни ҳам байроқ қилиб, аслида, фақат ўз шахсий манфаатларидан бошқасини ўйламайдиган кишиларнинг янги бир авлоди етишиб келаётгани бадиий ифодасини топган.

“Шоирнинг тўйи” қиссасида, бир томондан, романтик типдаги қаҳрамон – Ёш шоир-Жасур шоирнинг бутун ниқобдорлар тўдасига қарши қўйилишида, иккинчи томондан, жасурлиги учун Ёш шоирни эртага кутиб турган “мукофотлар”нинг санаб ўтилишида яна ўша “идеаллар – воқелик” зидлиги ифодаланади. Қиссада киноянинг сарказм даражасига кўтарилиши адиб дунёқарашидаги “идеаллар – воқелик” зиддиятининг янада чуқурлашганидан, идеалларни реаллаштириш имконларига қайта умид боғлаган ижодкорнинг умидлари пучга чиқа бошлаганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, шўро даврининг сўнгги йилларида идеаллар ва воқелик ўртасидаги зиддиятни чуқур англаш натижасида Эркин Аъзам асарларида киноявий муносабатнинг кучайиши кузатилади, киноя баъзан сарказм даражасига кўтарилади. Киноя муаллифга воқелик ва қаҳрамонларнинг асл моҳиятини ифода этишга ёрдам берди.

Адабиётлар:

1. Поспелов Г.Н. Проблемы исторического развития литературы.- М.: Просвещение, 1972 – 271 с.

2. Тюпа В.В. Художественность литературного произведения. Вопросы типологии.- Красноярск: Изд-во красноярского университета, 1987. – 224 с.

3. Введение в литературоведение. Под ред. Л.В.Чернец. – М.: Высшая школа, 2000. 556 с.

4.Пивоев В.М. Ирония как феномен культуры. – Петрозаводск: Издательство петрозаводского университета. – 2000. – 106 с.

5. Аъзам Э. Олам ям-яшил. Ҳикоялар. – Т., Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984. – Б. 158-159.

6. Аъзам Э. Жавоб. Қиссалар ва ҳикоялар. – Т.: Ёш гвардия, 1986. – 272 б.

7. Аъзам Э. Кечикаётган одам. Қиссалар. – Т.: Шарқ, 2002. – Б. 448 б