Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҒЎЛА

Rate this item
(0 votes)

ҒЎЛА [ф.  < — дев; жуда катта, улкан] 1. Дарахт танаси ёки ходадан кесиб олинган бўлак. -Иккита сада ҳам сотиб олиб, чарх бўладиган.. ғўла кесиб тайёрлаб қўйдим.. - деди [отам]. С. Айний, Эсдаликлар. Абдуваҳоб гулзор орқасидаги хонадан бир неча арраланган ғўлаларни кўтариб чиқди. Ш. Тошматов, Эрк қуши. Ҳовлида катта ёнғоқ ғўласи устида милтиғини тозалаб ўтирган Тўрабек.. чорбоққа қараб қўйди. М. Мансуров, Ёмби.

2. Ғўлага ўхшаш, йўғон. Унинг даллол қариндоши саватдай салласини олиб қўйиб.. қўнжи бир қарич, қурушқоқ маҳсили, қўпол ғўла оёқларини узатди. Ойбек, О.в. шабадалар. Юқоридан магнит подъёмниклари чўян ғўлаларини олиб келиб, печга ташлади. Мирмуҳсин, Чиниқиш.

Ғўладан келган Йўғон, ғўлабур. Бир нафас ўтмай, кабинетга ғўладан келган, мўйловдор, қувноқ бир одам кириб келди. Мирмуҳсин, Занглаган қилич.

3 кўчма Кучли, асосли. Бироқ кўчага чиқиш учун ғўлароқ важ керак эди. Важни дарров топдим.. А. Муқимов, Ақлим киряпти. Гапнинг ғўласи буёқда.. «Муштум».

4. Кичик юмалоқ шаклли, ғўлак. Ўқ ўрнида соғ лойни нўхатдек-нўхатдек ғўла қилиб, оғзига соларди-да, туппакни нишонга тўғрилаб, «туф» деса, мўлжалга олинган парранда тўп-тўп ерга тушаверарди. Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи. Кейин [тутни] қуритиб, ғўла қилиб олишди. Ш. Холмирзаев, Бодом қишда гуллади.

Кўз ғўласи с.т. Кўз соққаси. Ғўласи чиқайчиқай деб турган катта кўзлари кимга, нимага тикилаётганининг тайини йўқ. А. Муҳиддин, Қадаҳ.

Read 80 times