Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲАВО

Rate this item
(0 votes)

ҲАВО I [а. — атмосфера, ҳаво; иқлим; шамол; об-ҳаво] 1. Ер атмосферасини ҳосил қилувчи, инсон, ҳайвон, ўсимликлар ҳаёти учун зарур бўлган, асосан азот ва кислороддан иборат газлар аралашмаси. Тоза ҳаводан нафас олмоқ. Ҳавони ифлослантирмоқ. Тоғ ҳавоси. Арча дарахти ҳавони яхши тозалайди. - Ҳаммага маълумки, ҳавода зарарли микроблар кўп бўлади. Газетадан. Қуё'ш, ҳаво, сув барча жониворлар учун озуқа бўлганидек, халқ ҳаёти ёзувчига илҳом беради. Газетадан.

2. Ер устини қоплаган очиқбўшлиқ; фазо. Рўмолини ҳавода силкиди. Ҳаво жанги. - Нафасни бўғадиган, кўзларни кўр қиладиган чанг-тўзон булути ҳавони тутди. Ойбек, Навоий. Ҳавода момиқ оқ пахталар арғамчи бўлиб юрарди. Газетадан. Боғ устида оромбахш шабада эсар, ҳавода кўкатлар иси анқирди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол.

3. Осмон, кўк. Қушлар гур этиб, ҳавога кўтарилди. - Ёмғир эндигина тинган, кеча қоронғи эди. Ҳавода битта ҳам юлдуз кўринмайди. И. Раҳим, Чин муҳаббат. Йигитлар муштларини кўтарди. Кексалар ҳассаларини ҳавога қадади. Ойбек, Танланган асарлар.

4. Атмосферанинг аҳволи; ҳолати; об-ҳаво. Очиқ ҳаво. Ҳавонинг ҳарорати. Булутли ҳаво. Куз ҳавоси. - Қутбиддин ҳавонинг тез-тез айниётганини кўриб, лагерни пастроққа кўчиртирди. С. Кароматов, Олтин қум. Ҳаво бунчалик паст келиб, шарманда қилишини қаердан билайлик. «Муштум», Деҳқон осмонга қараб, яхши ҳаводан қувонса, ерга қараб, мўл ҳосилидан суюнади. М. Исмоилий, Фарғона т. о.

5 кўчма Ҳолат, шароит. Мен ўйлайманки, бу беш йил мобайнида сиёсий ҳаволар ўзгариб.. Н. Сафаров, Танланган асарлар.

Ҳавога кетмоқ Беҳудага, фойдасиз кетмоқ. Ўзининг шунчалик гапларининг ҳавога кетиб турганини.. яхши сезди. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Ҳавога совурмоқ (ёки соврилмоқ) Бекорга, фойдасиз кетказмоқ, сарфламоқ. Эллик минг сўмни ҳавога совуриб қўйиб, маҳмадоналик қилишини қара-я! «Муштум». ..бир неча минг сўм давлат пули ҳавога совриляпти. «Муштум».

Read 78 times
More in this category: « ҒЎРА ҲАВОЙИ »