ҲАВОЙИ [а. — ҳаво, атмосферага оид; инжиқ, нозли, тантиқ] 1. Ҳаво рангли, оч кўк, кўкимтир. Стол устидаги кўк абажурли чироқдан Қундузхоннинг юзига ҳавойи бир нур тушиб турарди. С. Аҳмад, Қадрдон далалар. Пастга боқмоқдаман: на бир қалъа бор, На қаққайган дарахт, на бахмал водий, На ҳавойи рангда ёнган жийдазор, На серрайган кекса тоғлар аждоди. С. Акбарий.
2. Ҳавога кўтарилган; баланд. Кўринг, анави ўрта аср биноси қанчалик нафис ва пурвиқор, миноралар қанчалик ҳавойи ва хушбичим-а! С. Акбарий, Севги билан тирилган юрак.
3 кўчма Енгил-елпи, жиддий бўлмаган; осон. Ҳавойи ишлар билан шуғулланмоқ. -Чиндан ҳам бўзчининг мокисидек эшоннинг ичкари-ташқариси ўртасида бепул оёқдан ҳориб, қатнаб юришдан кўра, ҳавойигина, бозорда ашула айтиб, ўйнаб юриб пул топишга на етсин! — деди Шум бола. Ғ. Ғулом, Шум бола. Мавлоно, мендан энди ҳавойи ғазаллар кутманг. Энди фақат халқим дилини куйлайман. Ж. Шарипов, Хоразм.
4 кўчма Енгил табиатли; енгилтак, беқарор. Ҳавойи одам, -Енгилтак қиз, — деб ўйлади Комил, ичидан қайнаб-тошаётган ғазабини зўрға босиб. — Шу ҳавойи олифтани деб, мени ерга уряпсан-а! Ҳ. Аҳмар, Ким ҳақ? Уйдагилар менинг ҳавойироқ бўлиб қолганимни билишади, бир амаллаб ўқиб кетади, деб ўйлашганми, якшанба куни қариндошуруғлар маслаҳатга йиғилишганди. С. Сиёев, Ёруғлик. Бир ҳавойи эрни деб, тарки дунё қилмоқчимисиз? Газетадан.
5 кўчма Асосга эга бўлмаган, асоссиз, юзаки. Ҳавойи ваъдалар. Ҳавойи рақамлар. - Фикрингиз жуда ҳавойи ва тамом нотўғри. И. Султанов, Бургутнинг парвози. Жўравой ака, наҳотки у [Пўлатжон] мени енгилтак, ҳавойи нарсаларга учадиган қиз, деб ўйласа. С. Аҳмад, Қадрдон далалар.