Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲАЁТ

Rate this item
(0 votes)

ҲАЁТ I [а. — яшаш, мавжуд бўлиш, тириклик) 1 Материянинг ўз ривожланишининг муайян бир давридаги ҳаракатланиш шакли. Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши. Ўсимликлар ҳаёти. - Яқин атрофимизни ўрганиб, фақат сайёрангизда ҳаёт борлигини аниқлаганимизга анча бўлди. О. Мўминов, Хиёбондаги уч учрашув.

2. Инсон, ҳайвон, ўсимликларнинг туғилгандан (юзага келгандан) ўлгунга (йўқ бўлгунга) қадар бўлган физиологик ҳолати, тирик, мавжуд, яшаётган ҳолати. Кўз жуда мураккаб оптик система бўлиб, киши ҳаётида кўзнинг яхши кўриши муҳимдир. Газетадан. Бир авлоднинг ҳаётича давр ичида нур деган сўз эрмакдай бошланиб, асрларнинг ҳокими бўлиб қолди. Ж. Абдуллахонов, Орият. Унинг ҳаёт асари қолмаган юзи яна хиралашди.. К. Яшин, Ҳамза.

Ҳаёт бағишламоқ (ёки бахш этмоқ) 1) дунёга келтирмоқ, туғмоқ; 2) ўлимдан сақламоқ, яшашга имкон бермоқ, имкон яратмоқ. ..мени дор остидан қутқариб, менга яна ҳаёт бағиштдингиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Шу билан бирга, ўзига ҳаёт бахш этган ҳакимнинг хизматига ҳамиша камарбаста бўлиб турди. К. Яшин, Ҳамза; 3) ҳаёт, яшаш шароити, имконияти билан таъминламоқ. Она табиат инсонга турли-туман неъматларни инъом этиб, унга ҳаёт бағишлаб туради. Газетадан. Мана, субҳидам пайти, қуёшнинг заррин нурлари ҳамма ёққа ҳаёт бағишлаяпти.. Т. Рустамов, Мангу жасорат. Сув оқади, қон каби бориб, Ғўзаларга бахш этар ҳаёт. Ғайратий.

3. Яшаш муддати; умр. Туй — киши ҳаётидаги энг яхши орзу-умидларнинг ушалиши. Газетадан. Гапни чўзма, чункиҳаёт қисқадир. М. Жўра, Изтироб. Олима ҳаётининг охирига қадар халқ учун покиза виждон билан хизмат қилди. «Саодат».

Ҳаёт кечирмоқ Умр кўрмоқ, яшамоқ. У билан бирга ўттиз йил ҳаёт кечирдик. - Қорақалпоқ халқи янги шаҳарларда, қулай, ёруғ, баҳаво уй-жойларда ҳаёт кечирмоқда. «Ўзбекистон қуриқлари».

4 кўчма Ҳаёт бағишловчи, ҳаётни таъминловчи нарса. Электр симлардан ҳаёт оқади. «Гулдаста». Ҳаракат — иссиқлик, иссиқлик — ҳаёт демак. Мирмуҳсин, Меъмор. Нон ҳидида ҳаёт бор, Ҳар мағзида мамот бор. Газетадан.

5. Киши ва жамиятнинг яшаш тарзи, ҳолати; турмуш, тирикчилик. Ижтимоий ҳаёт. Оилавий ҳаёт. Ёзувчининг ҳаёти ва фаолияти. Республика ҳаёти. Маҳалла ҳаёти. - Билим юрти талабаларининг ҳаёти ҳар томонлама сермазмун ўтмоқда. Газетадан. Ўшнинг баланд-паст лой томлари шаҳардаги қашшоқ ҳаётнинг гувоҳидек мунғайибтурипти. С. Кароматов, Олтин қум. Шу ҳаёт, шу турмушдан гадолик аъло. Ғайратий.

6. Бизни ўраб олган реал борлиқ, воқелик. Ҳаёт жуда қизиқ-а?! Бировлар — асал, бировлар заҳар бераркан. С. Юнусов, Кутилмаган хазина. Ҳаётда шундай одамлар борки, улар бутун умрларини фақат бир ишга, бирон касбга бағишлаган бўладилар. X. Ёдгоров, Ҳаёт тўлқинлари.

7. сфт. Яшаб турган; тирик. Ким билади, балки ҳаётдир ва, эҳтимол, ҳаётга ётдир. Ҳ. Олимжон. Шу дарча чолингиз ҳаёт вақтида ҳам қийшиқ эди.. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.

8 кўчма Жонланиш, уйғониш. Редакцияда ҳаво юришиб, ҳаёт аломатлари пайдо бўлгандек туюлди Аҳмадга. Ф. Мусажонов, Химмат.

9. Ҳаёт (хотин-қизлар исми).

Read 100 times
More in this category: « ҲАДАФ ҲАЁТБАХШ »