Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲАЗМ

Rate this item
(0 votes)

ҲАЗМ [а. — ўзлаштириш, сингдириш (овқатни, дарсни); овқатнинг сингиши] 1. Таомнинг ошқозонда сингиши, организмда ўзлаштирилиши. Ҳазм бўлмайдиган овқат. - Ёз кунлари тагидан рангбаранг майда тошлар кўриниб турган сойдан бир ҳовуч сув олиб ичсангиз, танангиз яйраб, еган овқатингиз ҳазм бўлиб кетади. М. Осим, Тил сиз гувоҳ.

2 кўчма Таъби кўтариш имконияти, қобилияти. Биз ўзимизни ичкарига олгач, дарвозабон ўзининг ҳазми кўтарган қадар бизга дўнғиллайди-да, дарвозани берклаш ҳаракатига тушади. А. Қодирий, Утган кунлар.

Ҳазм қилмоқ 1) сингдирмоқ (таом ҳақида). Мен кечки овқатни сизлардан сал барвақтроқ қиламан, негаки кексароқман, бўлмаса — ҳазм қилолмайман. Шуҳрат, Шинелли йиллар. Шу меъдангиз бўлса, тошни ҳам ҳазм қилиб юборсангиз кераг-ов. Ҳ. Шайхов, Характеристика; 2) кўчма бирор кўнгилсиз ҳодиса ёки муомалага бардош бермоқ, чидамоқ. Фармонов болаларнинг ишидан мамнун бўлса ҳам, муомалаларини ҳазм қилолмасди. А. Мухтор, Чинор; 3) кўчма мияга сингдириб олмоқ; уқмоқ, ўзлаштирмоқ. Дарсни ҳазм қилмоқ. - [Султонмурод] Ҳужрага қамалиб, кеча-кундуз китоб мутолаа қилади. Ўнлаб китобни ҳазм қилгандан сўнг, яна ўз ишқининг аламли, туганмас достонига берилади. Ойбек, Навоий; 4) моҳиятига тушунмоқ, англаб етмоқ. [Мирҳосил] Кейинги вақтларда халқ ҳаётида юз берган ўзгаришларни ҳазм қила олмай: «Мен ўзгардимми, ёки замон ўзгардими?» деб юрибди. Ҳ. Ғулом, Сенга интиламан; 5) кўчма ўзиники қилиб, ўмариб кетмоқ, ўзлаштириб юбормоқ. Халилов «9021 килограмм маккажўхори олинди», деб қалбаки акт тузади, бунинг эвазига 1804 сўмни ҳазм қилади. Газетадан.

Ҳазми таом Овқатни ҳазм қилиш учун ёрдам берадиган нарса. Баъзи одамлар ичкилик иштаҳани очади, ҳазми таом.. фойдаси зўр, дейдирлар. «Муштум».

Read 96 times
More in this category: « ҲАЖМ ҲАЙБАТ »