ҲАЙҚИРМОҚ 1. Қаттиқ шиддатли овоз (ҳайқириқ) чиқармоқ (қ. ҳайқириқ 1). Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидолмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар. -Тўхта, борма! — хотинига аламли ҳайқирди Малик муаллим. А. Кўчимов, Ҳалқа. Кейин юганни тортиб: -Ҳай! Чу, чу! — деб ҳайқира бошладилар. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар.
2 кўчма Шиддатли ҳаракат туфайли қаттиқ овоз чиқармоқ (жонсиз нарсалар товуши ҳақида; қ. ҳайқириқ 2). Бир томонда трактор ҳайқирар, тинмас.. Ғайратий. Дара остида ҳайқириб, паровоздай пишқириб, сой оқмоқда. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар.