Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲАРОРАТ

Rate this item
(0 votes)

ҲАРОРАТ [а.     — иссиқлик, ҳарорат, температура; тошма; аччиқлик] 1. Қизиган нарсага хос иссиқлик, кучли даражадаги иссиқлик. Оловнинг ҳарорати. Қуёшнинг ҳарорати. - Дашт, дашт! Ҳарорат зарбидан ҳамма ёқ лип-лип этади. А. Қаҳҳор, Мастон. Қора кигизларни ёндирай деб, ҳар бир тешикдан ўтов ичига кирган ҳарорат уйни хумдонга айлантирган эди. Ж. Шарипов, Хоразм. Ичдан чиқаётган ҳарорат оғзини куйдираётгандек, пуф-пуфлаб нафас олиб ўтирган мингбоши келувчига бош ирғади. М. Исмоилий, Фарғона т. о.

2. Нарсаларнинг иссиқ-совуқлик ҳолати; температура. Ҳавонинг ҳарорати. Ҳароратнинг ўзгариб туриши. Мўътадил ҳарорат. Юқори ҳарорат. Совуқ ҳарорат. Ҳарорат пасайиб, қор ёға бошлади. - Жўра полвон.. ернинг етилиши, тафти, нами, ҳарорати.. суғориш усулларини яхши билади. И. Раҳим, Ихлос. Ҳарорат етарли бўлса, тўққиз-ўн кунда шоли униб чиқади. «Ўзбекистон қўриқлари».

3. Тананинг киши саломатлиги ҳолатини кўрсатувчи иссиқлик даражаси; температура. Беморнинг ҳароратини ўлчамоқ. - Меъморнинг ҳарорати пастга тушмас, бунинг устига тинмай алаҳ^шрди. Мирмуҳсин, Меъмор.

4 кўчма Руҳий кўтаринкилик, жўшқинлик. Ғуломжон энди ўзини анча тутиб олиб, ўт билан, ҳарорат билан гапирди. М. Исмоилий, Фарғона т. о. Юсуфжон қизиқ тўқсон ёшга кирган бўлишига қарамай, ҳали унда ёшлик ҳарорати сўнган эмасди. Т. Обидов, Юсуфжон қизиқ. Ҳарорат билан айтилган бу сўзлар замирида улкан бир ҳақиқат ётибди. Газетадан.

5 кўчма Ҳиссий тафт, завқ, лаззат. Элмурод Зебони кузатиб қўйиб, иссиқ бир бўса ҳарорати билан қайтиб келгач, узоқ ухлолмади. Шуҳрат, Шинелли йиллар. Ўша туни энг биринчи бор Сезган эди лаб ҳароратин. Сайёр.

Read 100 times