Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲИСОБ-КИТОБ

Rate this item
(0 votes)

ҲИСОБ-КИТОБ 1. Бажарилган иш, хизмат учун қилинган сарф-харажат ва тўланадиган ҳақнинг ҳисоби. ..шу кунгача баъзиларнинг ҳақига хиёнат қилинди. Ҳисоб-китобда улар ўз ҳақларини талаб этадилар. Мирмуҳсин, Меъмор. -Шартномани бажардик, хўжайин, энди ҳисоб-китоб.. — деди секингина. Ж. Шарипов, Хоразм. Қутбинисо бойнинг ҳисоб-китобини тинглаб.. ниҳоят, беш қадоқча хашаки ўрик ундириб қайтади. П. Турсун, Ўқитувчи.

Ҳисоб-китоб қилмоқ Шундай ҳисобни амалга оширмоқ, ҳисобламоқ. Қиз машинадан тушиб, шофер билан ҳисоб-китоб қилаётиб, кулиб қўйди. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар. Қараса, кабобпаз йигит: -Ҳисоб-китобни қилинг-у, улфатингиз билан даф бўлинг, — деб турибди. «Гулдаста».

2. Кирим-чиқим, даромад ва харажатлар ҳисобини қилиш; ҳисоблаш. Мирҳосил дарё бўйидаги брезент чодирда ёлғиз чўт қоқар, ҳисоб-китоб билан машғул эди. Ҳ. Ғулом, Машъал.

3. Шундай ҳисоб ишларини олиб бориш ва қайд этиш, шунингдек, қайд этилган ҳужжат. Ҳисоб-китоб ишларидаги чатоқликлари туфайли бухгалтер Маюсуф ишдан бўшаб кетди. «Муштум». Жамоанинг ҳисобкитоб ишларини олиб боришга сиздай ўқимишли кишилар керак. Ҳ. Ғулом, Машъал.

4. Умуман, бирор нарса ҳақида олиб борилган ишлар ҳисоби, ҳисоб натижалари. Ҳисоб-китобларга кўра.. бундай чиқиндилар миқдори 1980 йилга бориб йилига 30 миллион тонна, Ўзбекистонда эса Олмалиқ, Самарқанд ва Қўқондаги ўғит заводлари чиқиндиси саккиз миллион тоннани ташкил этади. «Фан ва турмуш».

5 кўчма Ўзаро муносабат, уни бир ёқли қилиш. Руҳингиз шод бўлсин, қурбон бўлганлар, Келди ёв-ла ҳисоб-китоб онимиз. В. Зоҳидов, Ҳаётбахш бадиият тароналари. Большевиклар билан ҳисоб-китобни тугатамиз! Н. Сафаров, Танланган асарлар.

Ҳисоб-китоб қилмоқ 1) бир ёқли қилмоқ, ҳисоблашмоқ. Душман билан ҳисобкитоб қиладиган вақт етди; 2) ишдан бўшамоқ. Мунира туғуруқхонадалигида Аҳмад ишхонасига бориб, узил-кесил ҳисоб-китоб қилиб келди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат. Ҳисоб-китобини олмоқ айн. ҳисоб-китоб қилмоқ 2. Маҳкамовнинг отпускаси тугаши билан унга «ҳисоб-китобингни ол», дейишди. «Муштум».

Read 218 times
More in this category: « ҲИЖЖАЛАМОҚ ҲОВУР »