Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲОВУР

Rate this item
(0 votes)

ҲОВУР 1. Иссиқликдан кўтарилган кучсиз, енгил буғ. Кунлар ярақлаб кетган, шудгор бетидан жимир-жимир ҳовур кўтарилади. Р. Раҳмон, Меҳр кўзда. Дастурхон устидаги косалардан иссиқ ва ёғлиқ шўрваларнинг ҳовури чиқиб турарди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли.

2. Иссиқлик таъсири; ҳарорат, тафт. Қизилқум ва Қорақум барханлари қуёш қаҳрғазаб билан сочган бутун ҳовурини инсонга пуркаб, бағрига ҳеч кимни йўлатмаган. С. Кароматов, Аму-Бухоро. Қуёш тиккайган сайин ҳаво кучлироқ қизийди. Соч толасини елпирга шамол йўқ. Ердан иссиқ ҳовур уради. Ойбек, О.в. шабадалар. Асфальт йўллар, шифер ва тунука томлардан қайноқ ҳовур кўтарилади. С. Нуров, Нарвой.

3 кўчма Кишининг қизишган ҳолати. Асло менинг ҳовурим босилмайди, Бетингдан тишлаб олиб қонатмасам. «Оқ олма, қизил олма».

Ҳов(у)рини босмоқ 1) ўзига келмоқ; тинчланмоқ. Бир пиёла чой бер, болам, ҳовурим ни босиб олай, кейин айтаман. «Муштум». Тўрабек баъзан қўлига хипчин олиб, болаларга дўқ-пўписа қилар, шу билан ҳоврини босар эди. Ҳ. Нуъмон ва А. Шораҳмедов, Ота; 2) қизишган ҳолатдан қайтармоқ; тинчлантирмоқ. Расулжон қизишиб бораётган чолнинг ҳоврини босишга уринди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон. Ҳоврини олмоқ Нохуш, лоҳас ҳолатдан чиқармоқ. Иш овутган бўлса, ёру дўстлари кўнглини кўтарди, ҳоврини олди. Шуҳрат, Умр поғоналари. Ҳовурига ош пишади (ёки ош дамласа бўлади) Ўзини жуда юқори тутиб, ҳаддидан ошганликни билдиради. ..ҳовурига иккита ош пишадиган бошлиқ бурнига қўнган пашшага дағдаға қилиб, мушти билан қўриб ҳайдади. М. Муҳамедов, Қаҳрамон изидан. ..чек берувчи Файзи Раҳимов ҳаддан чу нон ошганки, ҳовурига ош дамласа бўлади. «Муштум». Ҳовур(и)дан тушмоқ 1) қизишиш, жаҳлдан қайтмоқ. Султонов чўнтагини титкилаб, калитини топди шекилли, сал ҳовуридан тушди. М. Мансуров, Ёмби. «Универсал»., бир текисда ишлаётганини кўриб, Умарали ҳовурдан тушди. И. Раҳим, Ихлос; 2) манманлик, ўзини юқори тутиш ҳолати йўқолмоқ; попуги пасаймоқ. Холмат йиғилишдан кейин анча ҳовуридан тушди, пасайиб қолди. Ш. Рашидов, Қудратли тўлқин. Йигит-ялангнинг арзини эшитдим.. Ёдгорхўжа ўшқириб келиб эди, қаматиб қўйдим. Жиндек ҳовуридан тушмаса бўлмайди. Чўлпон, Кеча ва кундуз.

Read 101 times
More in this category: « ҲИСОБ-КИТОБ ҲОЖАТ »