Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲОКИМ

Rate this item
(0 votes)

ҲОКИМ [а.         — ҳукмдор; бошқарувчи; бошлиқ; судья, ҳакам] 1. тар. Ўрта Осиё хонликларида белгили бир шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар устидан хону бек амрини ўтказиш учун белгилаб қўйилган амалдор. Ҳолвани ҳоким ер, калтакни — етим. Мақол. - Бу ҳукмимизни ижро этгувчи, Ташкент ҳокими Нормуҳаммад қушбегига марҳамати шоҳонамиз шулдир. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Бизнинг майда-чуйда ҳокимларимиз бир-бири билан иноқ бўлмагани, бирлаша олмагани сабабли катта кучга эга бўлган истилочининг ҳамласига дош беролмадик. Мирмуҳсин, Меъмор.

2. тар. Собиқ Туркистон ўлкасидаги айрим шаҳар ёки музофотларда чор ҳукуматининг сиёсатини ўтказиш учун белгилаб қўйилган юқори мансабли амалдор. Маҳкама биносига кетган ўт обдан авжига чиққан бир пайтда шаҳар ҳокими Мединский ва подполковник Китаевлар икки взвод жазо отряди билан майдонга кириб келди. К. Яшин, Ҳамза. Аъёнлар супада, одамлар ерда ўтириб, ғала-ғовур тинчигандан кейин, ҳоким одатдагича тиямоч орқалихалқни огоҳлантирди. И. Исмоилий, Фарғона т. о.

Ҳокими мутлақ Маълум бир ҳудудда чексиз ҳокимликка эга бўлган мансабдор (подшоҳ, амир ва ш.к).

3. Умуман, ҳукмини, буйруғини ўтказувчи (шахс, синф ва ш.к.) Ҳоким синф. - Улардан [амалдорлардан] ҳеч бир кишига ёмонлик келмайди, улар ёлғиз тартибни.. талаб қилишади. Чунки улар — ҳоким, биз фуқаро. Ойбек, Танланган асарлар.

4. Ўзбекистон Республикасида: вилоят, шаҳар ва туманларнинг биринчи раҳбарлик лавозимидаги шахс; ҳокимликнинг биринчи раҳбари. Бу муҳим масаланинг муҳокамаси учун кенгашга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари таклиф этилди. Газетадан.

5 кўчма Ўз ихтиёрига олган, эгаллаган нарса ҳақида; «ҳукмрон». Мункиллаган кампирлар жим шам ёқади мозорларда, Саратоннинг иси ҳоким мудраб ётган бозорларда. X. Даврон, Тунги боғлар. Туни бўйи кўк юзининг ҳокими бўлган ой ётоғига отланаётган.. шу палладаги салқин, мусаффо шабада.. роҳат бахш этарди. Р. Файзий, Кишиларимиз қиссаси. Ўз-ўзимни тутдим саволга, Ҳоким эди қалбда бир туйғу. Н. Нарзуллаев.

Ҳоким бўлак тлш. Синтактик алоқада тобе бўлган қиемни бошқарувчи, унга нисбатан ҳоким вазиятдаги бўлак. Мас., Бизни суҳбатга таклиф этди гапида таклиф этди — ҳоким бўлак.

6. Ҳоким (эркаклар исми).

Read 127 times
More in this category: « ҲОЖАТ ҲОКИМЛИК »