Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲОЛВА

Rate this item
(0 votes)

ҲОЛВА [а. — ширинлик; қандолат маҳсулоти] 1. Ун, шакар ва ёғдан, баъзан кунжут, мағиз қўшиб тайёрланган ширинлик, қандолат. Пашмак ҳолва. -Арава-арава ун, гуруч, қоп-қоп бодом, писта, кажаваларда ҳолвалар, қирқ-эллик каттакичик яшикда ҳар хил мевалар. Ойбек, Танланган асарлар. Айланиб, уйда қолган жужуқларига қанд-қурс, ҳолва, пуфак олмоқчи бўлди. Н. Аминов, Қалтис хато.

2 кўчма Қиёс мазмунли гапларда фикр юритилаётган нарса, иш, воқеа-ҳодисанинг бошқасига (қиёсланаётганига) нисбатан ёмон (ҳеч гап) эмаслиги, ундан дуруст, чидаса бўладиган эканлиги каби маъноларни билдиради. Ҳали бу-ку ҳолва, қамоқхонадаги — якка камерадаги ёлғизликдан худонинг ўзи асрасин! Н. Аминов, Ёлғончи фаришталар. Менинг гуноҳим олдида сизники ҳолва-ку.. «Муштум». Наманган вилоятига ўтдим. Фарғонадаги машмашалар ҳолва экан. «Муштум». Трассадаги шовқин-сурон бунинг олдида ҳолва экан. Ж. Абдуллахонов, Тўфон

Сувдан ҳолва ясамоқ Бўлмайдиган ишга уринмоқ, бекорга уринмоқ. Мамлакатдан чет эл капиталини ситиб чщармасдан туриб.. халқни қаттиқ оёққа бостириш — сувдан ҳолва ясайман, дейиш билан баравар. С. Акбарий, Севги билан тирилган юрак. Ўғилми, ҳолва? этн. Ўғилми-қизми? — янги туғилган бола ҳақида бериладиган савол (қиз унашилганда, куёв томондан қиз томонга юбориладиган совғаларга ҳолва қўшиб юбориш одат бўлгани учун шундай дейилади). Ҳасанали ҳам илжайиб, ёнчиқ ковлашга тутинди ва: -Ўғилми, ҳолва? — деб сўради хотинидан. -Ўғил! А. Қодирий, Ўтган кунлар. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди Қуруқ гап билан мақсад амалга ошмайди. Дарҳақиқат, ҳолва деган билан оғиз чучимайди-да.. Халқ — оми.. бизнинг маърифат ҳақидаги гапларимиз уларнинг қулоғига киришига унча ишонмайман. К. Яшин, Ҳамза.

Read 166 times
More in this category: « ҲОКИМЛИК ҲУЖУМ »