Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲУКМ

Rate this item
(0 votes)

ҲУКМ [а. — ҳукмронлик: ҳокимият, бошқариш; тузум; қарор, тўхтам, буйруқ; фикр, тушунча] 1. ҳуқ. Суд, ҳуқуқий маҳкама ёки шахснинг жиноий иш юзасидан чиқарган узил-кесил, қатьий қарори; шунингдек, бирор иш юзасидан бўлган ажрим хулосаси, қарори. Ижобий ҳукм. Салбий ҳукм. Қатьий ҳукм. Қозининг ҳукми. Ҳукмни ижро этмоқ. - Сидиқжон суднинг ҳукмидан жуда хурсанд бўлди-ю, лекин Шарофатнинг шикоят қила олиш ҳуқуқидан хавотирга тушди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари. Ҳозир Николайнинг фуқаросиман, хонингнинг ҳукми ўтмайди менга.. С. Сиёев, Ёруғлик. -Бизни кимнинг ҳукми билан ўлдирмоқчи бўлаётирсиз? — деди хатирчилик банди миршаб одамига. С. Айний, Қуллар. Фақат айблов ҳукми билан судланувчи айбдор деб топилади ва жазога тортилади. «ЎзМЭ».

Ҳукм қилмоқ (ёки этмоқ) Жиноий жазо ёки бирор иш ҳақидаги қарорни белгиламоқ, суд қарори билан жиноий жазони белгиламоқ. ..халқ суди Собир Сайдаровни ўн беш йил, Мирзажоновни ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Газетадан. Суд Насибалини Сидиқжон Соҳибжоновга ҳукм қилди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.

2. Умуман, бир иш, масала юзасидан бўлган, хулоса тарзидаги фикр; қарор. Баротнинг ҳаққоний сўзи, ҳукми мингбошини ерга киргизиб юборди. М. Исмоилий, Фарғона т. о. Отанинг ҳукми вожиб, унинг иродасига бўйсунмай иложи йўқ. С. Сиёев, Отлиқ аёл. Эргаш Соттининг бугунги кирдикорини кўпчилик ҳукмига ташламоқчи бўлса ҳам, гапни нимадан бошлашни билмай ўйланиб қолди. И. Раҳим, Чин муҳаббат.

Ҳукм юритмоқ айн. ҳукм қилмоқ (қ. ҳукм 1) Эҳтимолки, унинг топган давлати ўғрилик орқасидадир, кишининг давлатига қараб ҳукм юритиш қийин. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Ҳукм қилмоқ Хулоса тарзидаги фикр билдирмоқ, қарорга келмоқ. «Бу ҳам ўшалардан бўлса керак» — ҳукм қилди ўзича чол. Ҳ-. Ғулом, Машъал. Бу нарсага олдиндан ҳукм этиш тўғри эмас.. ҳар бир иш оллонинг буйруғи билан бўлади. Ойбек, Танланган асарлар.

3. Киши ёки нарсанинг бирон иш қилиш изм-ихтиёри (тўғри ва кўчма маънода). У ҳозир жувоннинг ҳукмида бўлиб, унинг хоҳишига қарши ҳеч нарса деёлмас эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари. Сенга зулм қилган шу икки оғанг сенинг ҳукмингда! «Олтин бешик». Ер-сув, бошқа моддий бойликлар бир туда бойлар ҳукмида бўлган.. Н. Сафаров, Оловли излар. Оёқдан ажралган пайтимда, умр йўлдошим мени тақдирнинг аччиқ ҳукмига ташлаб жўнаб қолганда, мен нима қилмоғим керак? С. Кароматов, Бир томчи қон.

Одат ҳукмига кирмоқ Одатга айланмоқ, одат тусини олмоқ. Уйқу ва ҳаловатнинг баҳридан кечиб, ҳар бир туп ғўзани хатосиз ундириб олиш Қурбонали полвон звеносида одат ҳукмига кириб қолди. Н. Сафаров, Танланган асарлар.

4 кўчма Буйруқ, амр. Сенинг ҳукминг ўтмайди. - Шу кемачи қўрқиб, бўзариб Деди Омон ёнига бориб: -Дарё теран, таёв етмайди, Сувга, ўғлим, ҳукм кетмайди. Э. Раҳим. Дин ва олтин ҳукми-ла, Кўп уй бузилди. Ҳисобсиз маъсум бошлар Тандан узилди. Ғайратий.

Ҳукм сурмоқ 1) ҳукмронлик қилмоқ. Бобурнинг Туркистон ва Афғонистонда яшаган ва ҳукм сурган вақтида ёзган шеърлари Париждаги миллий кутубхонада мавжуд экани аниқланди. «ЎТА»; 2) бирор ҳолат чулғамоқ, эгалламоқ. Бемор кўзини очган маҳал.. хонада сокинлик ҳукм сурарди. Ж. Абдуллахонов, Орият. Уйда ғалати бир тантана ҳукм сурарди. С. Зуннунова, Янги директор. Ҳукмини ўтказмоқ Ўз айтганини қилдирмоқ, ўз хоҳишига бўйсундирмоқ (тўғри ва кўчма маънода). «Мен валийман», деб подшоҳларга ҳукмини ўтказиб, жуда катта бойлик орттирган эди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар. Ҳозир энг қизғин паяла бошланмоқда — баҳор ўз ҳукмини ўтказишга киришмоқда. Газетадан.

5. мнт. Нарса ва унинг белгиси ҳақидаги тасдиқ ёки инкор мазмунли фикр.

6. эск. айн. кесим 3.

Read 166 times
More in this category: « ҲУЖУМКОР ҲУКМРОН »