Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

ҲУҚУҚ

Rate this item
(0 votes)

ҲУҚУҚ [а. — «ҳақ(қ)» с. нинг кўпл.] 1. ҳуқ. Давлат ҳокимияти томонидан белгиланадиган ва қуриқланадиган, жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини ва б. ни тартибга соладиган қонун-қоидалар, меъёрлар мажмун. Фуқаролик ҳуқуқи. - Тинчлик, озодлик, аёллар ҳуқуқи, маърифат ҳақида сўзлайди, тушунтиради, тинчлик учун имзо тўплайди. Ойбек, Нур қидириб. Ҳуқуқ бузилишига қарши малакали кураш олиб бориш милициянинг хизмат бурчидир. Газетадан.

2. Кимсага бирор иш-ҳаракат қилиш учун берилган, давлат қонунлари ёки бошқа хил қонун-қарорлар билан мустаҳкамланган, кафолатланган имконият, эрк, ихтиёр. Сайлов ҳуқуқи. Пенсия олиш ҳуқуқи. Дам олиш ҳуқуқи. Меҳнат қилиш ҳуқуқи. - Инсон ҳуқуқи нима ? Озод яшаш, кўнгилга ёққан уқув, қобилият, қолаверса, талант тақозо этган ишни бажариб яшашми? «Ўзбекистон қўриқлари». Мен раислик ҳуқуқим билан янги ер очишни ҳам, посёлка қурилишини ҳам тўхтатиб, барча одамларни ғўза парваришига ташлайман. Ш.Рашидов, Бўрондан кучли. Бу кишини ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳаддим сиғмайди. А. Қаҳҳор, Йиллар.

3. с. т. айн. ҳуқуқшунослик. ..кашандаликни тугатиш дастурини ишлаб чиқиб, унда тиббиёт, ҳуқуқ, ташкилотчилик ва тарбиявий тадбирларнинг кенг комплекси кўзда тутилсин. Газетадан.

4 кўчма кам қўлл. Бирор нарсага хос мақом, ўрин. Шунинг учун ҳам ўз даврида пуристик ҳаракатнинг қурбони бўлган бу муаллим ва муаллима сўзларини ўз ҳуқуқларида қайтадан тиклаш мақсадга мувофиқ бўлур эди. «ЎТА».

Read 452 times