Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

O`zbek tilining izohli lug`ati (2521)

Wednesday, 29 January 2020 10:11

ҚЎР I

Written by

ҚЎР I1. Майда чўғ аралаш иссиқ кул; майда чўғ. Қўрга кўмиб пиширилган жўхори. - Ҳовли ўртасидаги бир бузоқ билан икки қўй гўшти солинган дошқозон тагида ҳамон ўт ёнар, ўчоқ олдига тортилган қўрда эса, хизматкорлар исиниб ўтиришарди. П. Турсун, Ўқитувчи. Човгумлардаги чой ичиб бўлинган, гулханнинг қўри сўна бошлаган. Ҳ. Нуъмон, Қаҳрамоннинг туғилиши.

2 кўчма Қалб ҳарорати, ўт, ўғит. Жамила холанинг табиати шунақа. Юрагидаги ёшлик қўри уни доим ишга, одамлар орасига ундайди. Э. Носиров, Ташаккур сизга, холажон! Қани, марҳамат, барно йигит, уйимизнинг тўри, қалбимизнинг қўри сизники. Ўтиринг! С. Кароматов, Ҳижрон.

Wednesday, 29 January 2020 10:10

ҚЎПОРМОҚ

Written by

ҚЎПОРМОҚ 1. Таг-туги, томири билан суғурмоқ, ағдармоқ. Йўлчи ернинг тош бағрини ёриб, тўнка қўпоради. Ойбек, Танланган асарлар. Тракторлар гуруллаб-вариллаб, ёввойи жийда, чангал, туронғи, тол, дўлана сингари бута ва майда дарахтларни тагтомири билан қўпориб ташлар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.

2. Ағдармоқ, ковламоқ; шундай ҳаракат билан бузмоқ. Муҳиддин, Абдуваҳоблар кетмонларини сопладилар-да.. қамишзорларни қўпоришга киришдилар. «Ўзбекистон қўриқлари».

3. Таг-туги билан йўқ қилмоқ, тугатмоқ. Душманларни таг-томири билан қўпориб ташлашга қарор қилинди. Ҳ. Ғулом, Машъал.

4 кўчма кам қўлл. айн. ўмармоқ. Лутфинисо эрининг давлатидан мумкин қадар кўпроқ қўпориб, шу кенжа арзандасига сарф қилиш учун уринар эди. Ойбек, Танланган асарлар.

Wednesday, 29 January 2020 10:09

ҚЎНҒИРОҚ

Written by

ҚЎНҒИРОҚ 1. Силкитилганда, тили деворларга урилиб садо чиқарадиган, тўнтарилсан конус шаклидаги металл асбоб. Мис қўнғироқ. Бутхона қўнтроғи. Қўнғироқ чалмоқ. Туясидан қўнғироғи қиммат. Мақол. - Бўйинларига осшган қўнғироқларни оғир жаранглатиб, туялар ўтади. Ойбек, Танланган асарлар.

2. Овоз чиқариб сигнал берадиган ҳар қандай мослама. Соат қўнғироғи. - Холмат электр қўнғироқ кнопкасини босиши билан, хона ичкарисидан ёқимли овоз эшитшди. И. Раҳим, Чин муҳаббат. Каравот ёнидаги стол устида турган телефон қўнғироғи жиринглади. М. Жўрабоев, М.Б. мартабаси.

3. с.т. Телефон. Тўхта, сен домла поччангни бу ерга киргизиб юбориб, ўзинг қўнғироқнинг олдида ўтир. Бирпасдан кейин мен қўнғироқ бераман. Ҳамза, Туҳматчилар жазоси.     

Қўнғироқ қилмоқ Телефон қилмоқ, телефон орқали гаплашмоқ. Эрталабдан кечгача, гоҳида тунлари ҳам телефон трубкасига ёпишиб олиб, тўрт тарафга қўнғироқ қилади. Т. Алимов, Хушбичим йигит.

4. сфт. кўчма Жаранглама, ёқимли (овоз ҳақида). -Мен сизни танимадим, — деди қиз қўнғироқ товуш билан қатъий. Шуҳрат, Шинелли йиллар. Унинг қўнғироқ овозини эшитган ҳар бир киши, узоқлардан бўлса ҳам етиб келарди. Ж. Шарипов, Хоразм.

5. сфт. кўчма Буралиб-буралиб турадиган, жингалак (соч, жун ва ш.к. ҳақида). Сочи қўнғироқ қизча. - Халил жажжигина, истараси иссиқ, сочлари қўнғироқ, бўйи ўзига қарийб тенг келадиган дилкаш бир қиз билан танишди. Туйғун, Дўстлик севинчлари.

Wednesday, 29 January 2020 10:08

ҚЎНМОҚ

Written by

ҚЎНМОҚ 1. Учишдан тўхтаб, ерга ёки бирор нарсага ўтирмоқ, тушмоқ. Қуш дарахтга қўнди. Вертолёт далага қўнди. Космик кема Ойга қўнди. Парашютчи белгиланган жойга аниқ қўнди. Қуш қаноти билан учиб, қуйруғи билан қўнар. Мақол. - Ана, қоқди қанотин булбул, Келиб қўнди чиройли гулга. И. Муслим. Ҳаво жангида қаттиқ шикаст еган немис самолёти, нима бўлди-ю, шу ғарамдан йигирма-ўттиз метр нарига келиб қўнди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз.

2 кўчма Бирор нарсанинг устига келиб тушмоқ, ўрнашмоқ; инмоқ (юқоридан тушадиган ёки ҳавода ҳаракат қиладиган нарсалар ҳақида). [Самолёт] Ўтиши биланоқ, қаноти остидан шовуллаб қўйган «ёмғир» ғўзалар баргига шудрингдай қўна бошлади. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар. У [Ражаб] Ҳасан овчини кўриши билан шошиб, оёққўлларини қоқди, киприкларига қўнган гардларни енглари билан артди. Ш. Тошматов, Эрк қуши.

3. Сафарда дам олиш, тунаш ёки вақтинча истиқомат қилиш учун бирор жойда тўхтамоқ, бирор жойга тушмоқ, ўрнашмоқ. Меҳмонлар қаерга қўндилар? - Бугун бизга [бизникига] қўниб борадилар-да. Қовун пишиб қолди, қовун сайли қиламиз. Н. Сафаров, Жангчи шоир. Бу саройга турли мамлакатлардан келган савдогарлар қўнар, чит, чой ва ипак моллар ҳаммаси шу ерга келиб тушарди. Ж. Шарипов, Хоразм. Ҳусайн Бойқаро Балхда амир Арғун деганнинг «Чаҳор боғи»га қўнди. Ойбек, Навоий.

4. Тунни бирор жойда ўтказмоқ, тунамоқ. Йўлда тўрт қўниб келдик. - Бек шу кеча бу ерда қўнибдилар, ўтган кеча Қорахонникида эдилар. С. Айний, Қуллар.

Оқшом қўнди Кеч кирди, қоронғи тушди.

Wednesday, 29 January 2020 10:08

ҚЎНДИРМОҚ

Written by

ҚЎНДИРМОҚ 1. Қўнмоқ фл. орт. н. Қушни қўлга қўндирмоқ. Самолётни ерга қўндирмоқ. У кийимига гард қўндирмайди. - Вақт-бевақт бировникига бир меҳмон келса, отини ушлаб, жой бор бўлса, кўнглини хушлаб жўнатса, бул одам сахий, агарда жойи бор туриб, «жой йўқ», деб қўндирмай жўнатса, бул одам бахил. «Алпомиш».

2 кўчма Киймоқ (асосан бош кийими ҳақида). Бошига дакана қўндирмоқ. - Қиз силлиқ, текис ўршган узун, кўркам, ипакдай майин қўш кокилини бир-бир қўлга олиб кўрди.. кейин янги чуст дўппини бошига қўндириб, ҳовлига чиқди. Ойбек, О.в. шабадалар.

3. Қурмоқ, тикмоқ, тикламоқ. Полизга капа қўндирмоқ. - Тахт ясаб, қўндирди пўлатдан қўрғон. «Ширин билан Шакар».

Гап қўндирмоқ Билимдонлик, маҳмадоналик қилиб, керак бўлса-бўлмаса, бирор гап айтмоқ. Оғзингдан бир гап чиқса, у ўнни қўндиради.

Wednesday, 29 January 2020 10:08

ҚЎЛТИҚТАЁҚ

Written by

ҚЎЛТИҚТАЁҚ 1. Оёғи хаста ёки ногирон кишилар қўлтиғига тираб, таяниб юрадиган, юқори қисми қўлтиққа қўйиш учун мосланган махсус ҳасса. Қўлтиқтаёқ билан юрмоқ. - Икромжон.. судралиб бориб, қўлтиқтаёғини олди-да, чайқала-чайқала олдинга кетаверди. С. Аҳмад, Уфқ.

2 кўчма Суянчиқ, таянчиқ; ҳимоячи. Бировга қўлтиқтаёқ бўлмоқ.

Wednesday, 29 January 2020 10:06

ҚЎЛТИҚЛАМОҚ

Written by

ҚЎЛТИҚЛАМОҚ 1. Қўлтиғига қисиб тутмоқ, қўлтиғига жойлаб кўтармоқ, қўлтиққа урмоқ. Роҳила плакатларни қўлтиқлаб, секин нари кетди. С. Зуннунова, Гулхан. Бозоров тугунчасини қўлтиқлаб, тебраниб, маши нага интилди. И. Раҳим, Чин муҳаббат.

2. Бирга юриш ёки суяб ёрдам бериш мақсадида бировнинг қўлтиғидан, юқори билагидан тутмоқ. Фотима билан Сора рус тилидан таълим берган Антонина Анатольевнани икки томондан қўлтиқлаб, энг олдинда, жадал борадилар. П. Турсун, Ўқитувчи. [Йўлчи] Чиройли саман отнинг жиловини тутиб, эгасини қўлтиқлаб, ерга туширди. Ойбек, Танланган асарлар. Ота-бола уни қўлтиқлаб кўтардилар. А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси.

3 кўчма Моддий ёки маънавий ёрдам бермоқ, кўмаклашмоқ, қўллаб-қувватламоқ.

Ўпкасини қўлтиқламоқ қ. ўпка I.

Wednesday, 29 January 2020 10:06

ҚЎЛТИҚБАРДОР

Written by

ҚЎЛТИҚБАРДОР 1. кам қўлл. Ногирон, бетоб ёки шикает топган кишини қўлтиқлаб, суяб олган киши.

2 кўчма Ёрдамчи, қўллаб-қувватловчи одам. Бу кишининг қўлтиқбардорлари бир қишлоқи муллавачча эди. М. Муҳаммаджонов, Турмуш уринишлари.