Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

O`zbek tilining izohli lug`ati (2521)

Wednesday, 29 January 2020 11:27

ҲОЛВА

Written by

ҲОЛВА [а. — ширинлик; қандолат маҳсулоти] 1. Ун, шакар ва ёғдан, баъзан кунжут, мағиз қўшиб тайёрланган ширинлик, қандолат. Пашмак ҳолва. -Арава-арава ун, гуруч, қоп-қоп бодом, писта, кажаваларда ҳолвалар, қирқ-эллик каттакичик яшикда ҳар хил мевалар. Ойбек, Танланган асарлар. Айланиб, уйда қолган жужуқларига қанд-қурс, ҳолва, пуфак олмоқчи бўлди. Н. Аминов, Қалтис хато.

2 кўчма Қиёс мазмунли гапларда фикр юритилаётган нарса, иш, воқеа-ҳодисанинг бошқасига (қиёсланаётганига) нисбатан ёмон (ҳеч гап) эмаслиги, ундан дуруст, чидаса бўладиган эканлиги каби маъноларни билдиради. Ҳали бу-ку ҳолва, қамоқхонадаги — якка камерадаги ёлғизликдан худонинг ўзи асрасин! Н. Аминов, Ёлғончи фаришталар. Менинг гуноҳим олдида сизники ҳолва-ку.. «Муштум». Наманган вилоятига ўтдим. Фарғонадаги машмашалар ҳолва экан. «Муштум». Трассадаги шовқин-сурон бунинг олдида ҳолва экан. Ж. Абдуллахонов, Тўфон

Сувдан ҳолва ясамоқ Бўлмайдиган ишга уринмоқ, бекорга уринмоқ. Мамлакатдан чет эл капиталини ситиб чщармасдан туриб.. халқни қаттиқ оёққа бостириш — сувдан ҳолва ясайман, дейиш билан баравар. С. Акбарий, Севги билан тирилган юрак. Ўғилми, ҳолва? этн. Ўғилми-қизми? — янги туғилган бола ҳақида бериладиган савол (қиз унашилганда, куёв томондан қиз томонга юбориладиган совғаларга ҳолва қўшиб юбориш одат бўлгани учун шундай дейилади). Ҳасанали ҳам илжайиб, ёнчиқ ковлашга тутинди ва: -Ўғилми, ҳолва? — деб сўради хотинидан. -Ўғил! А. Қодирий, Ўтган кунлар. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди Қуруқ гап билан мақсад амалга ошмайди. Дарҳақиқат, ҳолва деган билан оғиз чучимайди-да.. Халқ — оми.. бизнинг маърифат ҳақидаги гапларимиз уларнинг қулоғига киришига унча ишонмайман. К. Яшин, Ҳамза.

Wednesday, 29 January 2020 11:27

ҲОКИМЛИК

Written by

ҲОКИМЛИК 1. Ҳоким иши, вазифаси; шу вазифага мансуб, тегишли. Ҳокимлик либоси. -  Юсуфбек ҳожи: -Менинг биринчи холис тшагим, албатта, мазлум халқ тилидан бўладир; бундан сўнг Тошкент ҳокимлигига ҳар қандай бўлмағур одам қўйилмасин! А. Қодирий, Ўтган кунлар. Темурбек, мулозимлари қуршовида бориб, ҳокимлик тахтига ўтирди. М. Маҳмудов, Мангу куй излаб.

2. Ҳоким, ҳукмрон ҳолати; ҳукмронлик (тўғри ва кўчма маънода). Замон ишчи, деҳқон замони бўлиб, чиновникларнинг ҳокимлиги, ерлик халқнинг маҳкумлиги битган. Газетадан. Рашкли алам ўйи ҳокимликни ўз қўлига олди. М. Каримов, Сени дейман, жоним.

3. Ўзбекистон Республикасида: вилоят, шаҳар, туман бошқарув органлари ва улар ўрнашган жой. Шаҳар ҳокимлигидан вакиллар келди.

Ҳокимлик қилмоқ 1) ҳоким лавозимида ишламоқ, ҳоким вазифасини бажармоқ. Хуллас, ҳар қайсиси ўзи ҳокимлик қилаётган ўлкада фан ва санъат, ободончилик ишларига эътибор берардилар. Мирмуҳсин, Меъмор; 2) ҳоким, ҳукмрон ҳолатида бўлмоқ (қ. ҳокимлик 2). Уйдан чиққанидан бери танига ҳокимлик қилиб келаётган карахтлик шу оннинг ўзидаёқ ғойиб бўлди-қолди. С. Аҳмад, Уфқ.

4. тлш. Ўзаро алоқа (боғланиш)да бирор қисмнингҳоким вазияти; зид. тобелик. Мас., кенг кўча, бешинчи хона бирикмаларидаги кўча, хона сўзларининг вазияти.

Wednesday, 29 January 2020 11:26

ҲОКИМ

Written by

ҲОКИМ [а.         — ҳукмдор; бошқарувчи; бошлиқ; судья, ҳакам] 1. тар. Ўрта Осиё хонликларида белгили бир шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар устидан хону бек амрини ўтказиш учун белгилаб қўйилган амалдор. Ҳолвани ҳоким ер, калтакни — етим. Мақол. - Бу ҳукмимизни ижро этгувчи, Ташкент ҳокими Нормуҳаммад қушбегига марҳамати шоҳонамиз шулдир. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Бизнинг майда-чуйда ҳокимларимиз бир-бири билан иноқ бўлмагани, бирлаша олмагани сабабли катта кучга эга бўлган истилочининг ҳамласига дош беролмадик. Мирмуҳсин, Меъмор.

2. тар. Собиқ Туркистон ўлкасидаги айрим шаҳар ёки музофотларда чор ҳукуматининг сиёсатини ўтказиш учун белгилаб қўйилган юқори мансабли амалдор. Маҳкама биносига кетган ўт обдан авжига чиққан бир пайтда шаҳар ҳокими Мединский ва подполковник Китаевлар икки взвод жазо отряди билан майдонга кириб келди. К. Яшин, Ҳамза. Аъёнлар супада, одамлар ерда ўтириб, ғала-ғовур тинчигандан кейин, ҳоким одатдагича тиямоч орқалихалқни огоҳлантирди. И. Исмоилий, Фарғона т. о.

Ҳокими мутлақ Маълум бир ҳудудда чексиз ҳокимликка эга бўлган мансабдор (подшоҳ, амир ва ш.к).

3. Умуман, ҳукмини, буйруғини ўтказувчи (шахс, синф ва ш.к.) Ҳоким синф. - Улардан [амалдорлардан] ҳеч бир кишига ёмонлик келмайди, улар ёлғиз тартибни.. талаб қилишади. Чунки улар — ҳоким, биз фуқаро. Ойбек, Танланган асарлар.

4. Ўзбекистон Республикасида: вилоят, шаҳар ва туманларнинг биринчи раҳбарлик лавозимидаги шахс; ҳокимликнинг биринчи раҳбари. Бу муҳим масаланинг муҳокамаси учун кенгашга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари таклиф этилди. Газетадан.

5 кўчма Ўз ихтиёрига олган, эгаллаган нарса ҳақида; «ҳукмрон». Мункиллаган кампирлар жим шам ёқади мозорларда, Саратоннинг иси ҳоким мудраб ётган бозорларда. X. Даврон, Тунги боғлар. Туни бўйи кўк юзининг ҳокими бўлган ой ётоғига отланаётган.. шу палладаги салқин, мусаффо шабада.. роҳат бахш этарди. Р. Файзий, Кишиларимиз қиссаси. Ўз-ўзимни тутдим саволга, Ҳоким эди қалбда бир туйғу. Н. Нарзуллаев.

Ҳоким бўлак тлш. Синтактик алоқада тобе бўлган қиемни бошқарувчи, унга нисбатан ҳоким вазиятдаги бўлак. Мас., Бизни суҳбатга таклиф этди гапида таклиф этди — ҳоким бўлак.

6. Ҳоким (эркаклар исми).

Wednesday, 29 January 2020 11:26

ҲОЖАТ

Written by

ҲОЖАТ [а.         — эҳтиёж, талаб, зарурат; истак-хоҳиш; зарур, керакли буюм] 1. Кераклик, зарурлик, зарурият. Бу гапнинг нима ҳожати бор. - Иш тамом, вассалом. Бундай кўз ёши томизиб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқ. С. Айний, Қуллар. Кўрманаҳожат бўлса, унга ҳам тайёрмиз! А. Қодирий, Обид кетмон.

2. Бирор нарсага бўлган талаб; эҳтиёж. Ҳасан сўфи билан Алим бува.. ўз дардларига тушунгучи дардманд, ҳожатларини англовчи ҳожатманд излардилар. М. Исмоилий, Фарғона т. о. Унинг олдига кимки бирор ҳожат билан келса, ноумид қайтмаган. Ҳ. Носирова, Мен ўзбек қизиман. Шудир насиҳатим: кечикмай еткар, Рустамдай қўзимнинг ҳожатин биткар. «Муродхон».

Ҳожати раво бўлмоқ кам қўлл. айн. ҳожати чиқмоқ ёки ҳожатини чиқармоқ. Отамнинг ўлимида ҳам у «ҳожатимизни раво қилиб».. бизни юз танга — 15 сўм қарздор қилди. С. Айний, Эсдаликлар. Ҳожати чиқмоқ ёки ҳожатини чиқармоқ Эҳтиёжи, талаби битмоқ, амалга ошмоқ (эҳтиёжини битирмоқ, қондирмоқ). Жамоа идораси айвонида юрган бир-икки киши, ҳожатлари тезда чиқмагани учун бўлса керак, асабийланар ва болохонадан кўчага зўр бериб нос тупурардилар. Ҳ. Шаме, Душман. Умирзоқ ота бир неча пуд буғдойни оқлаб, беш-олти кишининг ҳожатини чиқарди. Д. Нурий, Осмон устуни. ..қурилиш материаллари комбинаты цемент ва бетонлар етказиб, бинокорлар ҳожатини чиқармоқда. Газетадан.

3 кўчма Табиий эҳтиёждан бўшалиш, ёзилиш. Хосият биби, тўй қувончи қувват бўлдими, ўз ҳожатига ўзи юриб чиқа бошлади. С. Анорбоев, Меҳр. Ҳали бу ҳолва. Занг урганда, ўрнингдан туриб, занг урганда, ҳожатга борасан.. С. Аҳмад, Ҳукм.

Wednesday, 29 January 2020 11:26

ҲОВУР

Written by

ҲОВУР 1. Иссиқликдан кўтарилган кучсиз, енгил буғ. Кунлар ярақлаб кетган, шудгор бетидан жимир-жимир ҳовур кўтарилади. Р. Раҳмон, Меҳр кўзда. Дастурхон устидаги косалардан иссиқ ва ёғлиқ шўрваларнинг ҳовури чиқиб турарди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли.

2. Иссиқлик таъсири; ҳарорат, тафт. Қизилқум ва Қорақум барханлари қуёш қаҳрғазаб билан сочган бутун ҳовурини инсонга пуркаб, бағрига ҳеч кимни йўлатмаган. С. Кароматов, Аму-Бухоро. Қуёш тиккайган сайин ҳаво кучлироқ қизийди. Соч толасини елпирга шамол йўқ. Ердан иссиқ ҳовур уради. Ойбек, О.в. шабадалар. Асфальт йўллар, шифер ва тунука томлардан қайноқ ҳовур кўтарилади. С. Нуров, Нарвой.

3 кўчма Кишининг қизишган ҳолати. Асло менинг ҳовурим босилмайди, Бетингдан тишлаб олиб қонатмасам. «Оқ олма, қизил олма».

Ҳов(у)рини босмоқ 1) ўзига келмоқ; тинчланмоқ. Бир пиёла чой бер, болам, ҳовурим ни босиб олай, кейин айтаман. «Муштум». Тўрабек баъзан қўлига хипчин олиб, болаларга дўқ-пўписа қилар, шу билан ҳоврини босар эди. Ҳ. Нуъмон ва А. Шораҳмедов, Ота; 2) қизишган ҳолатдан қайтармоқ; тинчлантирмоқ. Расулжон қизишиб бораётган чолнинг ҳоврини босишга уринди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон. Ҳоврини олмоқ Нохуш, лоҳас ҳолатдан чиқармоқ. Иш овутган бўлса, ёру дўстлари кўнглини кўтарди, ҳоврини олди. Шуҳрат, Умр поғоналари. Ҳовурига ош пишади (ёки ош дамласа бўлади) Ўзини жуда юқори тутиб, ҳаддидан ошганликни билдиради. ..ҳовурига иккита ош пишадиган бошлиқ бурнига қўнган пашшага дағдаға қилиб, мушти билан қўриб ҳайдади. М. Муҳамедов, Қаҳрамон изидан. ..чек берувчи Файзи Раҳимов ҳаддан чу нон ошганки, ҳовурига ош дамласа бўлади. «Муштум». Ҳовур(и)дан тушмоқ 1) қизишиш, жаҳлдан қайтмоқ. Султонов чўнтагини титкилаб, калитини топди шекилли, сал ҳовуридан тушди. М. Мансуров, Ёмби. «Универсал»., бир текисда ишлаётганини кўриб, Умарали ҳовурдан тушди. И. Раҳим, Ихлос; 2) манманлик, ўзини юқори тутиш ҳолати йўқолмоқ; попуги пасаймоқ. Холмат йиғилишдан кейин анча ҳовуридан тушди, пасайиб қолди. Ш. Рашидов, Қудратли тўлқин. Йигит-ялангнинг арзини эшитдим.. Ёдгорхўжа ўшқириб келиб эди, қаматиб қўйдим. Жиндек ҳовуридан тушмаса бўлмайди. Чўлпон, Кеча ва кундуз.

Wednesday, 29 January 2020 11:25

ҲИСОБ-КИТОБ

Written by

ҲИСОБ-КИТОБ 1. Бажарилган иш, хизмат учун қилинган сарф-харажат ва тўланадиган ҳақнинг ҳисоби. ..шу кунгача баъзиларнинг ҳақига хиёнат қилинди. Ҳисоб-китобда улар ўз ҳақларини талаб этадилар. Мирмуҳсин, Меъмор. -Шартномани бажардик, хўжайин, энди ҳисоб-китоб.. — деди секингина. Ж. Шарипов, Хоразм. Қутбинисо бойнинг ҳисоб-китобини тинглаб.. ниҳоят, беш қадоқча хашаки ўрик ундириб қайтади. П. Турсун, Ўқитувчи.

Ҳисоб-китоб қилмоқ Шундай ҳисобни амалга оширмоқ, ҳисобламоқ. Қиз машинадан тушиб, шофер билан ҳисоб-китоб қилаётиб, кулиб қўйди. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар. Қараса, кабобпаз йигит: -Ҳисоб-китобни қилинг-у, улфатингиз билан даф бўлинг, — деб турибди. «Гулдаста».

2. Кирим-чиқим, даромад ва харажатлар ҳисобини қилиш; ҳисоблаш. Мирҳосил дарё бўйидаги брезент чодирда ёлғиз чўт қоқар, ҳисоб-китоб билан машғул эди. Ҳ. Ғулом, Машъал.

3. Шундай ҳисоб ишларини олиб бориш ва қайд этиш, шунингдек, қайд этилган ҳужжат. Ҳисоб-китоб ишларидаги чатоқликлари туфайли бухгалтер Маюсуф ишдан бўшаб кетди. «Муштум». Жамоанинг ҳисобкитоб ишларини олиб боришга сиздай ўқимишли кишилар керак. Ҳ. Ғулом, Машъал.

4. Умуман, бирор нарса ҳақида олиб борилган ишлар ҳисоби, ҳисоб натижалари. Ҳисоб-китобларга кўра.. бундай чиқиндилар миқдори 1980 йилга бориб йилига 30 миллион тонна, Ўзбекистонда эса Олмалиқ, Самарқанд ва Қўқондаги ўғит заводлари чиқиндиси саккиз миллион тоннани ташкил этади. «Фан ва турмуш».

5 кўчма Ўзаро муносабат, уни бир ёқли қилиш. Руҳингиз шод бўлсин, қурбон бўлганлар, Келди ёв-ла ҳисоб-китоб онимиз. В. Зоҳидов, Ҳаётбахш бадиият тароналари. Большевиклар билан ҳисоб-китобни тугатамиз! Н. Сафаров, Танланган асарлар.

Ҳисоб-китоб қилмоқ 1) бир ёқли қилмоқ, ҳисоблашмоқ. Душман билан ҳисобкитоб қиладиган вақт етди; 2) ишдан бўшамоқ. Мунира туғуруқхонадалигида Аҳмад ишхонасига бориб, узил-кесил ҳисоб-китоб қилиб келди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат. Ҳисоб-китобини олмоқ айн. ҳисоб-китоб қилмоқ 2. Маҳкамовнинг отпускаси тугаши билан унга «ҳисоб-китобингни ол», дейишди. «Муштум».

Wednesday, 29 January 2020 11:25

ҲИЖЖАЛАМОҚ

Written by

ҲИЖЖАЛАМОҚ 1. Сўзни бўғинларга, айрим қисмларга бўлиб талаффуз қилмоқ. Баҳодир китобдан «она», «ота», «опа» сўзларини ҳижжалаб ўқий бошлади. Ж. Шарипов, Хоразм. Нодир билан Омил Раҳималарнинг ёруғ деразаси олдига бориб, она-бола «Алифбе» китобини ҳижжалаб ўқишаётганини кўришди. С. Юсупов, Кутилмаган хазина.

2 кўчма Синчиклаб ўрганмоқ, бирмабир кўздан ўтказмоқ. Уч марта ҳижжалаб чиқиб, калаванинг учини тополмай гарангман. Т. Алимов, Ишқилиб, ўқимаган бўлсин-да! Уни [вакилни] объектма-объект бошлаб юраркан, ҳар рақамга ёпишиб ҳижжалай бериши сил қилиб юборди. А. Мухтор, Туғилиш.

Wednesday, 29 January 2020 11:24

ҲИД

Written by

ҲИД 1. Ҳар бир нарса ва модданинг кишиларнинг ис билиш сезгиларига таъсир этадиган хоссаси; бўй, ис. Ҳиди бор нарса. Ёқимли ҳид. Ёқимсиз ҳид. Кабоб ҳиди. Ҳандалак ҳиди. Зира ҳиди. Пиёздоғ ҳиди. Ҳар гулнинг ҳиди бошқа. Мақол. - Ота, манови беҳиларни қаранг, ҳиди оламни тутади, бирам пишибдики! М. Исмоилий, Фарғона т. о. Уйда тутун йўқолган бўлса-да, аччиқ ҳид дарров унинг бурнига урилди. Ойбек, Танланган асарлар. Тутаб куяётган от эти ва терисининг қўланса ҳидидан унинг кўнгли беҳузур бўлиб, боши айланди. Ҳ. Ғулом, Машъал.

Гапидан латта ҳиди келади Ёқимсиз, бемаъни гапга нисбатан қўлланади. Ҳодивой, аччиғинг чиқмасин-ку, анчадан бери гапингдан латта ҳиди келадиган бўлиб қолган. С. Аҳмад, Чўл бургути.

2 кўчма Бирор нарса, ҳодиса ёки холатнинг белгиси, шарпаси. Шояд шу билан Ойнагулнинг ҳам ҳиди бирон жойдан чиқиб қолса. А. Ҳакимов, Илон изидан. Бунинг ҳар бир варағидан шахсий ғараз ҳиди келади. А. Қаҳҳор, Сароб. Жанжалнинг ҳидини сезган Сарви хола ғудраниб, стол устига дастурхон ёза бошлади. «Муштум». ..юзида нур ёғилиб турибди, сўзларида меҳр-шафқатнинг ҳиди бор. X. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати.

Ҳид олмоқ Бирор маълумот, белги, шарпани сезмоқ, ундан хабардор бўлиш илинжида юрмоқ. Дамба вақтида кетиб қолганлар ҳам атрофимизда айланиб, ҳид олиб юрган эмиш-ку. А. Қаҳҳор, Кўшчинор чироқлари. Ҳиди чиқмоқ Хабари тарқалмоқ, ошкор бўлмоқ. ..қоровул чолни уриб, яхши иш қилмади. Ими-жимида бўладиган ишнинг ҳидини чиқариб қўйди. Мирмуҳсин, Меъмор. Эҳтиёт бўлмасангиз, буларнинг ҳам ҳиди чиқибқолади. «Муштум».