Adabiyotlar 622452 ta
Videodars 982 ta
Audiokitob 2205 ta

 

O`zbek tilining izohli lug`ati (2521)

Wednesday, 29 January 2020 11:06

ҲАЛОЛ

Written by

ҲАЛОЛ [а. — рухсат этилган, йўл қўйилган; қонуний, асосли; тўғри, виждонли одам] 1. дин. Шариат ҳукмига мувофиқ еса, ичса, фойдаланса бўладиган; ҳаром эмас. Пулни олмадим, минг марта розиман, сизга она сутидаи ҳалол бўлсин.. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқпари.

2 кўчма Кишининг ўзига қарашли, ўз меҳнати билан, пешона тери тўкиб топилган; хиёнат, ғирромлик кабилардан холи. Жон-дилидан ҳалол ишлайдиган одамлар билан иноқ.. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди. Тўғри тут ишингни ва ҳалол яша! Шуҳрат. Маҳфуза энди қинғирликни ташлар, болаларини ҳалол пул билан боқиб, вояга етказар.. Газетадан.

3 кўчма Ғирромликка ўрганмаган, қинғир йўлга бормайдиган, бировни алдамайдиган; тўғри, софдил. Ҳалол киши. Ҳалол ишламоқ. - Колхоз раиси умри етимлик билан ўтган ҳалол одам. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли. [Заргаров:] Бечора Оқила ўзи жуда ҳалол, меҳнаткаш, болаларга жуда меҳрибон аёл. А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар. Азалий халқинг бор бир эл қатори, Тантию меҳнаткаш, тўғрисўз, ҳалол. А. Орипов, Йиллар армони.

4. Никоҳлаб олинган, қонуний (хотин ҳақида). Бировнинг ҳалолини биров суядиган замон экан-да, водариғ? С. Сиёев, Отлиқаёл. Ўзининг бир эмас, иккита хотини бўла туриб, тағин бир йигитнинг ҳалолига кўз олайтириш.. А. Қодирий, Ўтган кунлар.

5. спрт. Ўзбек курашида соф ғалабага бериладиган баҳо.

Wednesday, 29 January 2020 11:06

ҲАЛИМ

Written by

ҲАЛИМ II [а. — ёпишқоқ, елимшак] 1. Сувга буғдой ёрмаси ва гўшт солиб, узоқ (ҳил-ҳил бўлиб кетгунча) қайнатиб пишириладиган қуюқ овқат. -Ҳазратойимнинг даҳалари бўлди. Чунонам басавлат, чунонам гавжум бўлдики, дошқозонда ҳалим улашдилар, — деди Анзират. А. Мухтор, Опасингиллар. Пишган ҳалимнинг буғдойи эзилиб, гўшти эса ҳил-ҳил бўлиб кетади. К. Маҳмудов, Ўзбек тансиқ таомлари.

2 кўчма Қаттиқ эмас, юмшоқ. Гўшт қайнайвериб, ҳалим бўлиб квтибди. - Воҳидларнинг қишлоғида бошқа ерларда жуда кам учрайдиган ҳалим ва ширин олма бор. О. Ёқубов, Тилла узук.

Wednesday, 29 January 2020 11:05

ҲАККАЛАМОҚ

Written by

ҲАККАЛАМОҚ 1. Бир оёғини босолмай ёки тушовли оёғи билан сакраб-сакраб юрмоқ. -Кўлтиқтаёқ тутган касаллар ҳаккалаб, ҳар томонга қочар, аянчли товушлар эшитилар эди, — деди Аҳмаджон. А. Мухтор, Давр менинг тақдиримда. Нормат бор кучини ўнг оёғига тўплаб, ҳаккалаб юрди. И. Раҳим, Чин муҳаббат.

2 кўчма Текис юрмай, ирғиб-ирғиб, сакраб-сакраб юрмоқ. [Ражаббойнинг] Машинаси текис йўлдаги сингари равон юрмади, эгат, ўйдим-чуқурларда қалқиб, ҳаккалаб кетаверди. Й. Шамшаров, Довруқ. Нотекис жойда ҳаккалаб, тупроқ тўзитиб бораётган мотоцикл тўсатдан тошга ури/гиб, бир чеккага қайрилди. И. Раҳим, Ихлос.

Wednesday, 29 January 2020 11:05

ҲАЙҚИРМОҚ

Written by

ҲАЙҚИРМОҚ 1. Қаттиқ шиддатли овоз (ҳайқириқ) чиқармоқ (қ. ҳайқириқ 1). Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидолмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар. -Тўхта, борма! — хотинига аламли ҳайқирди Малик муаллим. А. Кўчимов, Ҳалқа. Кейин юганни тортиб: -Ҳай! Чу, чу! — деб ҳайқира бошладилар. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар.

2 кўчма Шиддатли ҳаракат туфайли қаттиқ овоз чиқармоқ (жонсиз нарсалар товуши ҳақида; қ. ҳайқириқ 2). Бир томонда трактор ҳайқирар, тинмас.. Ғайратий. Дара остида ҳайқириб, паровоздай пишқириб, сой оқмоқда. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар.

Wednesday, 29 January 2020 11:05

ҲАЙҚИРИҚ

Written by

ҲАЙҚИРИҚ 1. Шодлик, ҳаяжон, ғазаб, азоб каби кучли туйғуларни, шунингдек, чақириқ, ҳайдаш кабиларни ифодалайдиган қаттиқ овоз, нидо. «Ура» ҳайқириқлари еру кўкни титратди. -Ёлғон! — Ғуломжон даҳшатли бир ҳайқириқ билан қичқирди. М. Исмоилий, Фарғона т. о. Бу дардли ҳайқириқ Нигоранинг қулоғига етиб, юрагини ўйнатиб юборди. С. Анорбоев, Оқсой. Қудрат ажабланганича эшик томон юрган эди, кўча томондан подачининг: -Ҳайдо-о!.. деган чўзиқ ҳайқириғи эшитилди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар. Қўйлар чўпонларнинг ҳайқириғи билан қудуқ томон юрди. А. Ҳакимов, Илон изидан.

2 кўчма Жонсиз нарсаларнинг шиддатли ҳаракатидан пайдо бўладиган қаттиқ овоз ҳақида. Дарёнинг ҳайқириғи. Паровознинг ҳайқириғи. Ҳайқириқ солмоқ. - Ҳамла қилган қўшин сингари Кумуш ёлли тўлқинлар елар. Бўронларнинг ҳайқириғидан Нахимовнинг овози келар. Уйғун. Баҳорда у [сой] ҳамма ёққа ҳайқириқ солиб оқади. Й. Шам шаров, Довруғ.

Wednesday, 29 January 2020 11:04

ҲАЙКАЛ

Written by

ҲАЙКАЛ [а. — жуда улкан, катта; ибодатхона, улкан бино] 1. Киши ёки ҳайвон гавдасининг гипс, тош, металл, ёғоч ва ш.к. қаттиқ материаллардан йўниб, ўйиб ясалган тасвири. Навоий ҳайкали. - Чиройли гиламлар, турли ҳайкаллар, жилдли креслолар.. билан безатилган кабинетдан сирасира айрилгилари йўқдай. «Муштум».

2. Бирор шахс ёки воқеа хотирасини абадийлаштириш учун ясалган архитектура ва ҳайкалтарошлик иншооти; ёдгорлик. Уруш қурбонларига ўрнатилган ҳайкал.- Ўзбек халқи ўзининг биринчи ва тўнғич президенти Иўлдош ака Охунбобоевга ҳайкал ўрнатиш маросимини ўтказмоқда. Н. Сафаров, Оловли излар. Балки ерга ризқ-рўз уруғини қадаган биринчи деҳқон шарафига рамзий ҳайкал қўйилар. «Ўзбекистон қўриқлари».

3 кўчма Умуман, шахс хотирасини абадийлаштириш учун хизмат қиладиган нарса. Ҳ. Олимжон барҳаёт вақтида ҳам ўзи учун ҳайкал ярата олди. Н. Сафаров, Оловли излар.

4. фольк. Аёллар бўйинга осиб, кўкракка ташлаб оладиган, олтин ёки кумушдан ишланган безак буюми (зебигардоннинг қадимги тури). Ойимлар ўтирар ҳайкалин осиб, Мушку анбар ҳиди ҳар ённи босиб. «Равшан». У [3улфизар] тилла ҳайкалларини осиб.. оёғининг учи билан босиб, кўрганнинг дилини кесиб, боққа равона бўлди. «Зулфизар билан Авазхон».

Wednesday, 29 January 2020 11:04

ҲАЙИТ

Written by

ҲАЙИТ [а. — байрам, тантана] 1. дин. Йилда икки марта: рамазон тамом бўлгач уч кун ва қурбон ойида уч кун бўлиб ўтадиган диний байрам. Туй тегишлиники, ҳайит барчаники. Мақол. - Илгари ҳайит кунлари Кўмирсаройда қўғирчоқбозлик, «чодирхаёл» бўлар эди. Ойбек, Танланган асарлар. Ҳайитдаги.. маросимларга кўп жойларда халқларнинг маҳаллий одатлари — арафа купи ош улашиш, янги кийим кийиш, ҳайитлик бериш, сайл қилиш, яқин одамларини кўриш ва ҳоказо ҳам қўшилиб кетган. «ЎзМЭ».

Катта ҳайит ёки қурбон ҳайити Ҳижрий зулҳижжа ойи, яъни қурбон ойининг ўнинчи куни бўладиган диний байрам. Катта ҳайит бўлса — ўтган, кичигига ҳали анча бор. М. Исмоилий, Фарғона т. о. Қурбон ҳайити арафасида қишлоқи мурид Тиллабой яна бир қўй келтириб ташлади. П. Турсун, Ўқитувчи. Кичик ҳайит ёки рўза ҳайити Ҳижрий рамазон ойи тугаши билан эртасига, яъни шаввол ойининг биринчи куни бўладиган диний байрам. Бунинг устига кичик ҳайитнинг баҳор фаслига тўғри келгани нур устига аъло нур бўлди. Мирмуҳсин, Меъмор.

2. этн. Вафотига йил тўлмаган кишини ҳайит кунлари йўқлаб аза тутиш, эслаш маросими; маърака. Онасининг ҳайити яқинлашган кунлар эди. Ҳадемай акасининг ҳайити ҳам келади.

3 кўчма Бирор муваффақият, ғалаба муносабати билан бўладиган умумий шодлик, байрам. Пахта планимиз бажарилган куни сизу бизга ҳайит-да! - Эчкига жон қайғуси, қассобга мой қайғуси. Мен нима ғамда-ю, сизга ҳайит экан-да? — деди Акмал Қудратга. Ж. Абдуллахонов, Йўл.

4. Ҳайит (эркаклар ва хотин-қизлар исми).

Wednesday, 29 January 2020 11:04

ҲАЙДАМОҚ

Written by

ҲАЙДАМОҚ 1. Бирор томонга қараб юришга қистамоқ; боришга мажбур қилмоқ; йўлламоқ. Ўн бир кишини банди қилиб, қўлларини чилвир билан боғлатди-да, олдига солиб ҳайдаб кетди. К. Яшин, Ҳамза. Йигитали подани ўтган ҳафта ўтлаган ерига — сой бўйига ҳайдади. Т. Малик, Ажаб дунё. Узоқда чироқ милтиллаб кўринди.. Отни тўғри ўша томонга ҳайдади. М. Ҳазратқулов, Журъат.

2 кўчма Бирор томонга юритмоқ, йўналтирмоқ, йўналишини бурмоқ (жонсиз нарсалар ҳақида). Кўтармалик билан ишинг бўлмасин! Сувни Сойариққа ҳайдаб, Оқсоқолнинг қулоғидан хабар ол. Н. Сафаров, Уйғониш. Катталар хўп деса, тоғни тешиб, Тожиксойни ҳайдаб келамиз. М. Исмоилий, Фарғона т. о.

3. Мавжуд жойидан, маълум макондан кетказмоқ, кетишга мажбур қилмоқ. Ўша, Муқаддам ҳайдаб юборганидан бери бу уйга қадам босишга ҳақи йўқлигини биларди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол. Йўқ.. қайси диёнатли ота.. қўй оғзидан чўп олмаган ўғлини «оқ» қилиб, даргоҳидан ҳайдар экан?! К. Яшин, Ҳамза. Ўртоқлари олдида ялиниб борган экан, ҳайдашибди-ку.. Ҳ. Назир, Ёнар дарё.

4 кўчма Йўқ қилмоқ; кетказмоқ. Дилингиздаги васвасаларни ҳайданг. К. Яшин, Ҳамза. Экинзорларда бўладиган тонгги бир тароват.. муздек шабада.. — барчаси Авазнинг кўнглидан мужмағил, оғир туш асоратини ҳайдагандек бўлди. С. Сиёев, Аваз. Кек сақламас, дилхиралигини ҳайдаб, ўзини идора эта олар эди. С. Сиёев, Аваз.

5       Иш, мансаб ва ш.к. дан четлатмоқ, маҳрум қилмоқ; қувмоқ, кетказмоқ. ..ўшаларнинг ёрдами билан қамалмай қолибдилар-у, фақат ишдан ҳайдалибдилар. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ. Николай тахтдан ҳайда^шб, инқилоб бўлган кун олти яшар гўдак эканман. Н. Сафаров, Оловли излар. Билса, институтдан ҳайдайди. «Гулдаста».

6. Транспорт воситасини миниб, юргизиб, бошқариб бормоқ. Отам арава ҳайдар эди. Акам машина ҳайдайди. - У дўконларга газлама ташиди, извош ҳайдади. Ойбек, Танланган асарлар. Бирон кор-ҳол бўлмасин, деб моторга ўт бериб, жадал ҳайдаб кетди. С. Аҳмад, Юлдуз.

7. Ерни махсус асбоб (плуг, омоч, сўқа каби) тиши билан тилиб, ёриб, ўйиб юмшатмоқ. Ерни трактор билан ҳайдамоқ. Ер ҳайдасанг, куз ҳайда, куз ҳайдамасанг, юз ҳайда. Мақол. - Тушдан кейин уйга келиб, буғдой ўраман.. арпадан бўшаган ерни ҳайдаб, мола босаман. С. Сиёев, Ёруғлик.

8. ким. Иситиш ёки қайнатиш йўли билан таркибий қисмларга ажратмоқ; шу йўл билан бирор нарса ажратиб олмоқ. Спирт ҳайдамоқ.