O`zbek tilining izohli lug`ati (2521)
ҒЎДАЙГАН 1. Ғўдаймоқ фл. сфдш. Йўл четидаги ғўдайган симёғоч.
2 кўчма Қаддини доим ғоз тутадиган, иш-юмушга қовуша қолмайдиган. Бола билан гаплаша олмайдиган, керагида эплаб овута олмайдиган ғўдайган аёлларни хуш кўрмасди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат. Мастура ўша Акрам деган ғўдайганнинг туришини кўрсатиб, ўзи ҳам кулиб юборди. «Ёшлик».
3. Мағрур, кибрли ва гавдасини ҳам шунга мос ҳолда тутадиган. Ҳоди болалагида ҳам сал ғўдайганроқ эди. Шунинг учун ўртоқлари уни, Ҳодивой отига мослаб, «Ходавой» деб аташарди. С. Аҳмад, Ҳодивой.
ҒУНЧАЛАМОҚ Ғунча пайдо қилмоқ, ғунча чиқармоқ (тўғри ва кўчма маънода). Ажойиб боғ. Тартиб билан ўтқазилган мева дарахпъшри гулларга бурканган. Токлар барг ёзган, гуллар ғунчалаб ётибди. Газетадан. Ёшлик — бу ҳамиша янгиланиш, бунёдкорлик, ҳар лаҳзада минг бир орзунинг ғунчаламоқ фаслидир. Газетадан.
ҒУНЧА [ф. — куртак, шона; лаб, дудоқ] 1. Ҳали очилмаган, гулбарглари ҳали ёзилмаган гул; ўсимликнинг гул куртаги. Кечқурун [булбул] гул ғунчасини кўради-ю, ишқида ошиғу шайдо бўлиб сайрай беради. П. Турсун, Ўқитувчи. Қирлардан эсаётган майин шабада ана шу гулларнинг ғунчаларини ёзмоқда. И. Раҳим, Чин муҳаббат. Ғунча очилгунча ўтган фурсатни Капалак умрига қиёс этгулик. Ғ. Ғулом.
2 кўчма Бирор ҳодисанинг эндигина бошланаётган пайти, бошланиши. Шубҳа ичида қизарган муҳаббат ғунчаси висол хабари билан очилаёзгандек.. эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён. Мураббий бола қалбида ниш ура бошлаган умид ғунчаларининг меҳрибон соҳибидир. Р. Усмонов, Одобнома.
ҒУЖҒОН 1. Шахс ёки нарсанинг маълум даражадаги ҳаракатли тўп ҳолати; тўпи, тўдаси. Барчин момо теграсида болалар ғужғон.. X. Даврон, Болаликнинг овози. Арилар ғужғони эса ёғингарчиликдан дарак беради. Газетадан. Серқатнов машиналарнинг шовқин-сурони авжида, бекапьтрда одамлар ғужғон. «Ёшлик».
2 кўчма Руҳиятдаги шундай ҳолат, жўш урган ҳолат. Бу хабар майорнинг ғужғон хаёлларини бир зумда тарқатиб, сергак торттирди. «Ёшлик». Хотинининг ҳалиги таънасини эслади. Миясида ғужғон бошланди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон.
Ғужғон ўйнамоқ Ғуж, тўда, тўп ҳолатда ҳаракатланмоқ (ғужғон тўғри ва кўчма маънода). Молбозорга туташ яланг саҳнда чумолидек ғужғон ўйнаган оломон тинимсиз қайнаб-тошади. X. Султонов, Бир оқшом эртаги. Кечки офтоб селида минг-миллион зарра бўлиб ғужғон ўйнаётган тўзон жуда секинлик билан тарқаларди. М. Мансуров, Ёмби. Потма хаёлида ғужғон ўйнаётган турли гумон ва шубҳалардан юраги ғаш. Т. Ашуров, Марварид тут.
3. шв. Ғуж. Ғужғон гуллаган дарахтлардан атрофга кумуш ёғду ёғилиб туради. С. Нуров, Нарвой. Ғужғон япроқлар она кўксига ёпишган гўдакдек меҳрибон новдаларга чирмашади. Ф. Мусажонов, Ҳиммат.
ҒУБОРСИЗ 1. Ғубори, чанги йўқ; гардсиз; тоза, мусаффо. Ғуборсиз осмон. - Қуёш ғуборсиз кўкда талтайиб порлар эди. Ойбек, О. в. шабадалар. Жувон ҳам узун қора киприкларини пирпиратиб, чинни сингари ғуборсиз юзидан нур ёғилаётгандай, кулумсираб қаради. А. Мухтор, Туғилиш.
2 кўчма Кўнгли, дили пок; кир, ғубордан холи. Типирчилаган жажжи юраги шундоққина кўриниб турибди: самимий, ғуборсиз, чин кўнгилдан гапиради траста. А. Мухтор, Тонг билан учрашув. Қиз болани авайлаб, ғуборсиз, пок ўстириш.. тарбияда энг муҳим давр саналади. «Саодат».
ҒУБОРЛИ 1. Ғубори бор, чанг босган, тўзонли. Қурилиш комбинатининг оппоқ гардга қопланиб ётган чала корпуслари ҳам, қурум пуркаб, биқсиб турган хумдон мўрилари ҳам ўзининг дим, ғуборли ҳавоси билан орқада қолди. А. Мухтор, Чинор. У уйнинг ғуборли ва тўзонли ҳавосини янгилаш учун парталар орасидан сиқилиб бориб, деразани очди. М. Файзий, Уч қиз.
2 кўчма Дилгир, хафа, ғамга тўлган. Ғуборли юрак.
ҒУБОР [а. — гард, чанг, тўзон] 1. Чанг, тўзон кабилардан ҳавода сақпанган ёки нарса сатҳига инган майда зарралар; гард. Дўл шундай шиддат билан ёғардики, гўё ердан чанг кўтарилиб, ҳавони ғубор босди, кундуз қоронғилашди. Н. Сафаров, Оловли излар. Пахта битган ерларингни кўрмоқчиман, Ғуборини кипригимга сурмоқчиман.. С. Акбарий. Шоён меҳнатингнинг нишонаси бу — Қора қошларингга қўнган чанг, ғубор. А. Орипов, Йиллар армони. Саратонда муаллақ қотган ғубори шабнам билан яна ўз онаси — тупроқ оғушига оҳиста чўкди. «Саодат».
2. Умуман, тиниқлик, равшанликни бузувчи, хира қилувчи (хиралаштирувчи) зарралар. Осмонда ғубор йўқ, тиниқдан-тиниқ, Қуёш чарақлайди нурини сочиб. Ғ. Ғулом. Қишлоқдан чиққанимизда, ғубор ичида кўринган тоғлар ҳам анча яқин келиб қолди. М. М. Дуст, Лолазор. Бугун кун бўлади равшан ва бедоғ, Ғубор йўқдир зарра ҳавода. Ҳ. Олимжон.
3 кўчма Умуман, равшанлик, тозалик, покликни бузувчи нарса (Мас., доғ ва б.). Ташқарида оламни жамики ғуборлардан покламоқчидек, уриб жала қуяр эди. М. Мансуров, Ёмби. Зайнаб Кумушнинг тўлиб етмаган гавдасига ва ўн олти ёшлар чамали ғубор тегмаган ҳуснига ҳайрон бўлиб, мулоҳазасини айтишдан қўрқди. А. Қодирий, Ўтган кунлар. Дил ҳам бамисоли шундай: севги шаробига қатра ғубор аралашдими — тамом. М. Жўра, Изтироб.
4 кўчма Киши руҳини (руҳиятини) бузувчи ҳолат, доғ, хиралик. Ҳар қалай, кундузлари чидаса бўлади: бир-ярим яхшиёмонни кўради, ундан-бундан икки оғиз сўзлашиб, пича тафти чиқади, ғубори арийди.. X. Султонов, Онамнинг юрти. «Суҳбатда одам ёзилади, дам олади, ғубордан чиқади..» дерди Юсуфжон ака. Т. Обидов, Юсуфжон қизиқ. Бир марта тўйиб ҳидласанг, ичингдаги жами ғуборни ҳайдаб чиқаради. С. Аҳмад, Уфқ.
5. махс. Чангсимон доғ; кул (ўсимликлар касаллиги). ..новдаларда ҳам, худди барглардаги сингари, кулранг ғубор пайдо бўлади. Газетадан.
ҒОЛИБ [а. — ғалаба қилувчи, музаффар] Уруш, жанг, кураш, тортишув, мусобақа ва ш.к. да ғалаба қозонган, устун чиққан; музаффар; зид. мағлуб. Ғолиб халқ. ши Фашизмга қарши жанг қилиб, зафар қучиб қайтган ғолибларимиз миллион-миллион. Н. Сафаров, Оловли излар. Соттихон фақат мусобақа ғолибигина эмас, балки ижодий меҳнат ва новаторликда ҳам намуналар кўрсатган илғор ишчилардан бири. Туйғун, Станоклар ёнида. Бош соврин таьсис этилди — турнир ғолиби тошкентлик усталар ишлаган катта чинни вазани олади. Газетадан.
Ғолиб келмоқ (ёки чиқмоқ) 1) уруш, жанг, мусобақа ва ш.к. ларда устун чиқмоқ. Мусобақада ғолиб чиқмоқ. - Сен курашда ғолиб келганда, Тоғдай кўтарилар кўкрагим. Т. Тўла. Айтгандек, жангда енгдик, Ғолиб чиқдик, хўп севиндик. М. Шайхзода; 2) кўчма юқори вазият (ҳолат) эгалламоқ, устун келмоқ. Дардим ғолиб келиб, ётиб қолдим. - Тўсатдан вужудини қамраган оналик меҳри ғолиб келиб, тортган азоби ҳам эсидан чиқди. П. Турсун, Ўқитувчи. Ғолиб келар чарчоқ, ниҳоят, Тонгга яқин илинади кўз. А. Шер, Қадимги куй.