O`zbek tilining izohli lug`ati (2521)
ҒИЛДИРЛАМОҚ с. т. 1. Ғилдирамоқ.
2 кўчма Айланмоқ, айланиб юрмоқ; парвона бўлмоқ. Теварагида ғилдирлаб юрган Зайнабнинг уйига кира бериш учун [Отабек] Кумушнинг мулоҳазасини қилар [эди]. А. Қодирий, Ўтган кунлар.
ҒИЖИМЛАМОҚ 1. Текислиги, тахи бузилган, эзилган ҳолатга олмоқ; ғижим қилмоқ. Заргаровнинг ҳовлисида.. ерда ётган бир пой эски калиш, ғижимлаб ташланган бир-иккита газетадан бошқа ҳеч нарса йўқ. А. Қаҳҳор, Оғриқтишлар. Столдаги оппоқ сочиқни олиб, бўйни, юзини артди-да, ғижимлаб, ёнига қўйди. С. Нуров, Нарвой. ..бир нуқтага тикилганча, хат ёзилган қоғозни беихтиёр ғижимлай бошлайди. Р. Файзий, Сен етим эмассан.
2. Кафтлари орасида маҳкам, эзган ҳолда тутмоқ, сиқиб ушламоқ. -Мен ҳам соғиндим, Ойқиз, — деди Олимжон Ойқизнинг сочларини ғижимлаб.. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли. -Энди бу ёғи бизга боғлиқ, — деди у кафтидаги бир сиқим тупроқни ғижимлаб. Й. Шамшаров, Пахтақайнар.
3 кўчма Азобламоқ, эзмоқ, қийнамоқ. Вужудини дард ғижимлаб ташлагандек букчайиб, ўз кўчасига бурилди Икромжон. С. Аҳмад, Уфқ. Бу хаёл унинг қалбини ғижимлади.. Мирмуҳсин, Умид.
ҒИВИРЛАМОҚ с.т. 1. Тинимсиз, бетартиб ҳаракат қилмоқ, «ғивир-ғивир» қилмоқ; ғимирламоқ (майда жониворлар ҳақида). Пастдан қараган кишига гўё беҳисоб чумоли карвони ғивирлаётганга ўхшаб кўринади. И. Раҳим, Ихлос. Кўклам келиши билан бутун дарахтлар уйғонади, қурт-қумурсқалар ҳам ғивирлаб қоладилар. Ғ. Ғулом, Тирилган мурда.
2 кўчма Аста қўзғалмоқ, ҳаракатга келмоқ. Дарҳақиқат, душман ғивирлаб қолган эди. Ҳадемай ҳужумга кўчди. Шуҳрат, Шинелли йиллар. Кетмоқчи бўлиб ғивирлай бошлаган эди, Ҳалима опа қўймай, чойга ўтқазди. Ойдин, Ҳикоялар.
ҒАФЛАТ [а. — паришонхотирлик, бепарволик, лоқайдлик; ақлсизлик] 1. Ҳушёрлик бутунлай йўқолган ҳолат, бутунлай огоҳсизлик; ғофиллик. Келди айёми баҳор, иш даври бир он ўтмасин, Бир нафас ғафлатда бу қийматли даврон ўтмасин. Ҳабибий. -Қалай? — деб сўради Комилов Бекдан отишнинг натижасини билмоқчи бўлиб. -Ғафлатда экан, чамамда, ҳаммаси бўлмаса ҳам, тенг ярми қирилди. И. Раҳим, Мангулик қўшиғи.
Ғафлатда қолмоқ ёки ғафлат босмоқ Ҳушёрликни йўқотмоқ, ғафлат ҳолатига тушмоқ; ғофиллик билан фурсатни қўлдан бермоқ. Тушуниб қадам боссанг, ғафлатда қолмайсан, хато қилмайсан, ғарқ бўлмайсан. Й. Муқимов, Қизилқум паҳлавони. Ғафлат босиб, кўзим илинган экан, бир вақт қулоғимга хириллаган товуш кирди. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар. Ишқилиб, [ғўзани] парвариш қилиш даврида ғафлатда қолманглар-да.. Газетадан.
2 кўчма Нарсаларнинг моҳиятига тушунмаслик; нодонлик, жаҳолат. Абдишукур давом этди сўзида: -Хусусан, биз, Туркистон мусулмонлари, чуқур ғафлатдамиз. Ойбек, Танланган асарлар.
Ғафлат уйқуси Қаттиқ уйқу. У ер-бу ерга қўйилган қоровуллар эса ғафлат уйқусида эдилар. М. Осим, Сеҳрли сўз. ..хонадон эгалари ғафлат уйқусида ётгандай. Жимжитлик. С. Сиёев, Аваз.
ҒАРҚОБ [ф. — сув айланиши, гирдоб] кам қўлл. 1. айн. гирдоб.
2 кўчма Бирор ҳодиса, жараён даврасида, қамровида, таъсирида бўлиш. Хаёлларга ғарқоб бўлиб, ёнбошлаб ётиб эдим.. Т. Мурод, От кишнаган оқшом.
ҒАРҚ I [а. — сувга чўк(тир)иш, бот(ир)иш; сув тошқини ёки ~ сувга чўкиб кетган, ботган] 1. Сувга чўккан, сув қаърига ботган. Яхши билан ёмон ўртаси фарқдир, Буни билмаганлар дарёга ғарқдир. Газетадан.
2 кўчма Бирор нарсага кўмилиб кетган; бурканган, чўмган ҳолатли (ҳолатда). «Тоқи заргарон» остидан чарчоқ, пала-партиш хаёлларга ғарқ ўтиб бораркан, ён томондан дўриллаган овоз эшитилди. Н. Аминов, Қаҳқаҳа. Гўё борлиқ тинч ва осойишта дамларнинг лаззатига ғарқ. Ж. Абдуллахонов, Тўфон.
Ғарқ бўлмоқ 1) чўкмоқ, сув қаърига кирмоқ. Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлар. Мақол. - Омон қоламан десанг, қирғоққа чиқ!.. Чиқмасанг, баринг дарёга ғарқ бўласан! Ж. Шарипов, Хоразм; 2) бирор нарсага бутунлай ўранмоқ, бурканмоқ; ботмоқ, чўммоқ. Бутунлай ипак-атгасларга ғарқ бўлган Холжон хола бўйи баробар катта бир ойнага қараб, ўзини томоша қилди. Ғайратий, Довдираш. Чуқур хаёлга ғарқ бўлиб ўтирган Зулфизар бир чўчиб тушди. К. Яшин, Ҳамза.
ҒАРИБ [а. — ёт, бегона, ўзга; нотаниш, номаълум] 1. Қариндош-уруғи йўқ, бирор ҳомийси, кўмакчиси бўлмаган, кимсасиз; мусофир. Ғариб кўнглини ғариб билур. Мақол. - Бу ғариб ва кимсасиз киши асли Сабзавор шаҳридан бўлиб, фалакнинг гардиши билан Ҳиротга келиб қолган. Мирмуҳсин, Меъмор. Файзи касалхонадан кетгандан кейин, бамисоли ғариб бўлиб қолдим. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ.
2. Камбағал, қашшоқ; фақир, бечора. Тирноқ-ла ер ўйиб, сувлар оқизган Ғариблар аҳволи қоларди тангга. Ғайратий. Бозор Ҳамроевич, ўғли ғарибгина бир оилага нақадар катта ғам-ташвиш орттирганини тушунди. Ў. Усмонов, Сирли соҳил.
3 кўчма Ночор ҳолатли; кўримсиз; аҳволи танг. ..шаҳар четида ижарада, ғариб бир хонада.. яшардик. М. М. Дўст, Лолазор. Гиёҳлари қовжираган ғариб мозорга тикилиб ўтириб, ўтган болалигини.. эслади. С. Аҳмад, Уфқ. Ўзи ҳамма вақт ғариб яшашига қарамай, жуда серпардоз эди. С. Зуннунова, Гулхан.
4. кам қўлл. Ажиб, қизиқ, ажойиб. Сизлар эмас, отанг нима бўлади, Болам, жанг энди ғариб бўлади. «Маликаи айёр». Агар гумоним тўғри бўлса, Комилбекнинг қотили Ҳомиддир! — Бу сўз Отабекни ажаблантирганидек, уста Олимга ғариб эшитилган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар.
ҒАЛВАЙМОҚ 1. шв. Ихчам бўлмасдан, катта жой олмоқ, қаппаймоқ; ноихчам бўлиб турмоқ. Ғалвайган юк. Ғалвайган тугун. Босилмаган похол ғалва йиб туради.
2 кўчма Кераксиз ҳолда кенгайиб, катта бўлиб кетмоқ. Мақола фойдасиз тафсилотлар билан ғалвайиб кетибди.